date

“Манчестер Сити”да Ҳусановнинг ҳолати бўйича янги маълумотлар

“Манчестер Сити”да Ҳусановнинг ҳолати бўйича янги маълумотлар

26 октябрь куни Англия Премьер-лигасининг тўққизинчи тури доирасида “Манчестер Сити” сафарда “Астон Вилла” жамоаси меҳмони бўлади. Бу ўйин чемпионлик пойгасида муҳим аҳамият касб этади, деб хабар берди sportsmole.co.uk.

Ўзбекистонлик мухлислар учун энг қизиқ жиҳат — Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга қайтиши. 21 ёшли ҳимоячи 21 сентябрда “Арсенал”га қарши баҳсда жароҳат олганидан бери жамоага ёрдам бера олмаяпти. Унинг ҳолатига оид сўнгги маълумотлар Англиянинг етакчи спорт нашрларида ёритилди.

Журналист Оливер Томаснинг ёзишича, “Манчестер Сити” бу баҳс орқали барча мусобақалардаги мағлубиятсиз сериясини ўнта ўйинга етказишни кўзламоқда. Гвардиола шогирдлари ҳозирда турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди ва пешқадам “Арсенал”дан атиги уч очкога орқада.

Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида “шахарликлар” Испанияда “Вильярреал”ни иккита жавобсиз гол билан мағлуб этганди. Аммо жамоада жароҳат муаммоси ҳали ҳам долзарб. Родри икки учрашувни ўтказиб юборди ва Гвардиола унинг “Астон Вилла”га қарши баҳсда иштирок этмаслигини тасдиқлади.

Родрининг ўрнини сўнгги ўйинларда ёш Нико Гонсалес тўлдириб келмоқда. Аммо у ҳам енгил жароҳат олгани хабар қилинди. Мутахассислар Гвардиоланинг Никога ишонч билдириб, уни яна асосий таркибда майдонга туширишини кутмоқда.

Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳати аввал бошда енгил деб баҳоланган эди, аммо у олтита ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Шу боис унинг “Астон Вилла”га қарши ўйинда майдонга тушиши ҳақида аниқ сўз айтиш ҳозирча эрта.

standard.co.uk мухбири Артур Ферридж маълумот беришича, Ҳусановнинг жароҳати бўйича ҳеч қандай расмий янгиланиш берилмаган. Футболчининг тикланиш жараёни ёпиқ ҳолда давом этмоқда. Шу сабаб у жамоа рўйхатидан чиқарилмаган, аммо ҳозирча тўлиқ формага қайтгани ҳақида сўз юритиш қийин.

manchestereveningnews.co.uk сайти эксперти Тайрон Маршалл таъкидлаганидек, ҳозирда “Сити”нинг ўнг қанот ҳимоясида Матеуш Нуньеш фаолият олиб боряпти. Аммо Ҳусанов соғайгач, айнан шу позицияда асосий рақобатчига айланиши мумкин. Мутахассиснинг фикрича, Рико Льюис бу икки футболчи билан рақобатда ортда қолмоқда.

Ўзбек ҳимоячиси мавсум бошида “Манчестер Юнайтед”, “Наполи” ва “Арсенал”га қарши учрашувларда старт таркибда майдонга тушган ва фаол ҳаракатлари билан мураббийлар ҳамда мухлислар олқишига сазовор бўлган эди.

Гвардиола унинг тезлиги ва позицияни яхши ҳис қилиш қобилиятини юқори баҳолайди. Шу сабабдан Ҳусанов соғломлигини тўлиқ тиклагач, ўнг қанотдаги асосий номзодлардан бири бўлиб қолади, деб ҳисобланади.

Шу билан бирга, мутахассислар келажакда унинг фаолияти марказий ҳимоя позицияси билан боғланишини ҳам эҳтимол деб билишмоқда. Аммо ҳозирча жамоа эҳтиёжидан келиб чиқиб, Ҳусанов айнан қанотдаги ролини сақлаб қолиши кутилмоқда.

“Астон Вилла” ва “Манчестер Сити” ўртасидаги тўқнашув 26 октябрь куни соат 19:00 да старт олади. Бутун дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар, жумладан, ўзбекистонлик футбол севувчилар ҳам ушбу баҳсда ўз вакилларининг сафга қайтишини орзиқиб кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити”да Ҳусановнинг ҳолати бўйича янги маълумотлар