
Англия Премьер-лигасининг тўққизинчи тури олдидан “Манчестер Сити” жамоаси олдида муҳим баҳс турибди — Хосеп Гвардиола шогирдлари 26 октябрь куни соат 19:00 да “Астон Вилла” меҳмони бўлади. Ушбу тўқнашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида испаниялик мутахассис жамоа ҳолати ва айрим футболчиларнинг жароҳатидан тикланиши ҳақида тўхталиб ўтди.
Журналистлар билан мулоқот давомида Гвардиола ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳимоячи яқин орада сафга қайтиши мумкин, бироқ ҳозирча ўйинга тайёр эмас.
“‘Вильярреал’га қарши ўйинда иштирок эта олмаган йигитлар ҳали ҳам тўлиқ тайёр эмаслар. Абдуқодир ҳам улар қаторида. Менимча, у тикланиш жараёнининг сўнгги босқичида, лекин ҳали майдонга тушишга тайёр эмас. У танасининг жуда муҳим ва нозик қисмидан жароҳат олган эди”, — деди Хосеп Гвардиола матбуот анжуманида.
Бу маълумот ўзбекистонлик мухлислар учун ҳам қизиқарли бўлди, чунки Ҳусанов сўнгги бир ойдан буён “Сити” сафида майдонга тушмаган. У сўнгги бор сентябр ойида “Арсенал”га қарши бўлган учрашувда иштирок этган, ўшанда ярим бўлим ўйнаб, кейин жароҳат сабаб майдонни тарк этган эди.
Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳати сабабли у “Манчестер Сити”нинг сўнгги олти учрашувини ўтказиб юборди. Гвардиола эса бу оралиқда ҳимоя чизиғида турли тажрибалар ўтказишга мажбур бўлди — Рико Льюис ва Матеуш Нуньеш каби ўйинчиларни янги позицияларида синаб кўрди.
Таъкидлаш жоиз, “Манчестер Сити” бугунги кунда Премьер-лига жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди ва етакчи “Арсенал”дан атиги уч очкога ортда қолмоқда. “Астон Вилла”га қарши учрашув жамоа учун нафақат очколар, балки психологик устунлик нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга бўлади.
Абдуқодир Ҳусановнинг сафга қайтиши жамоа учун муҳим қадам бўлиши шубҳасиз. Унинг тезлиги ва позицияни ҳис қилиш қобилияти сабаб у Гвардиоланинг ҳимоя тизимида асосий ўрин тутади. Шу боис, мутахассис унинг жароҳатдан тўлиқ соғлом ҳолда қайтишига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Манчестерликлар мухлислари эса Ҳусановни яқин ҳафталарда яна майдонда кўришга умид билдиришмоқда. Испаниялик устознинг таъкидлашича, тиббий гуруҳ футболчининг тикланиш жараёнини тезлаштириш учун барча шароитларни яратиб берган.
Шу билан, “Астон Вилла” билан бўладиган муҳим баҳсда Ҳусанов иштирок этолмаса-да, Гвардиоланинг режаларида у жамоанинг муҳим бўғини сифатида қолмоқда. Яқин учрашувларда унинг сафга қайтиши “Манчестер Сити”нинг ҳимояси янада мустаҳкам бўлишига замин яратиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!