
“Барселона”нинг ёш ва истеъдодли ҳужумчиси Ламин Ямал навбатдаги “Эль-Класико” олдидан айтган жўшқин гаплари билан интернетда ҳақиқий шов-шув кўтарди. У машҳур испан стримери Ибаи Льянос билан суҳбат вақтида “Реал Мадрид” ҳақида айтган сўзлари орқали ижтимоий тармоқларда муҳокамалар марказига айланди, деб хабар берди испан нашрлари.
Ибаи Льянос томонидан ташкил этилган лайв суҳбат давомида Ямалдан “Реал” ҳақидаги фикри сўралганда, ёш футболчи бироз ҳазиломуз, бироқ жуда кескин жавоб қайтарди:
— “Реал ўғирлайди, кейин эса шикоят қилади. Улар ҳар доим шундай қилишади”, — деди у кулгу билан.
Бу гап албатта тўғридан-тўғри “ўғирлик”ни англатмасди. Ламин Ямал бу орқали “Реал”нинг айрим ҳолатларда ҳакамлар ёрдамида ғалаба қозониши мумкинлигини имо қилди. Ёш футболчининг бу фикри интернет фойдаланувчилари орасида кескин баҳсларга сабаб бўлди — айримлар унинг жасурлиги ва юмор ҳиссини олқишласа, бошқалар бу сўзлар учун унга жарима солинишидан хавотир билдирди.
Суҳбат давомида Ямал сўнгги “Эль-Класико”ни эслаб, яна бир қизиқарли детални қўшди:
— “Охирги марта мен ‘Бернабеу’да бўлганимда, гол урганман ва биз 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз”, — деди у ишонч билан.
Бу сўзлардан кейин эфирдаги журналист Жерар Ромеро вазиятни юмшатиш учун шошилиб:
— “Тинчлан, тинчлан”, — деб ёш футболчини тўхтатди, чунки бундай баёнотлар учун Ямал Испания Ла Лигаси ёки “Барселона” клуби томонидан жаримага тортилиши мумкин эди.
Шу билан бирга, мухлислар Ямалнинг бу чиқишини “ўз клубига бўлган ишонч” сифатида қабул қилишди. Кўплаб “Барселона” тарафдорлари ижтимоий тармоқларда ёш вингерни қўллаб-қувватлаб, “ўз фикрини очиқ айтган футболчи” деб таърифлашди.
Ламин Ямал ҳозирда жамоа тарихидаги энг ёш етакчи футболчилардан бири ҳисобланади. Унинг жасорати ва майдондаги ҳаракатлари жамоа мухлислари орасида катта муҳаббат уйғотган.
Маълумот учун, “Барселона” ва “Реал Мадрид” ўртасидаги навбатдаги Эль-Класико 26 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 20:15 да бўлиб ўтади. Ушбу тўқнашув Испания чемпионатидаги асосий интриганинг ҳал бўлиш нуқталаридан бири бўлиши кутилмоқда.
Ёш Ямалнинг баёноти ортидан бу ўйинга қизиқиш янада ошди — ҳам мухлислар, ҳам журналистлар энди унинг майдондаги жавобини кутиб қолишган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!