13:59 / 20.09.2016
5 702

Мағрур ва мағлуб имконлар

Мағрур ва мағлуб имконлар

Юзага чиққан ва чиқмаган, мағрур ва мағлуб имконлар ҳақида сўз борса, ҳозирги кунларда дастлаб паралимпиячиларимиз кўз олдимизга келишади. Улар халқимизнинг асл генофонди нималарга қодир эканини бутун спорт дунёсига яна бир бора исботлашди. Аввалги мақоламизда спортимизнинг сўнгги 1,5 ой ичидаги ютуқларини булоқнинг кўзи бирдан очилиб кетишига қиёслагандик. Бу сафар мазкур воқеликка бошқа аспектдан ёндашамиз.

Мана, 32 нафар спортчидан иборат делегациямиз Паралимпия-2016да нақ 31та медаль жамғарди. Иштирокчилар сони ва медаллар миқдори нисбатининг фоизини чиқарсак, бу - мисли кўрилмаган кўрсаткич. Агар делегациямиз таркибига 32 эмас, балки 60 нафар спортчи кирганида, бундан-да юқори натижа қайд этилиши аниқ эди. Аввалига ихчам жамоа билан камтарона иштирокни таъминлаш кўзда тутилаётгандек таассурот туғилганди. Кейинчалик барчаси ўзгариб кетди. Шунчаки, иштирок энди паралимпиячиларимизни қониқтирмасди. Чунки улар ғолиблар сафида бўлишга лойиқ эдилар ва юксак орзу-мақсадларига эришдилар. Улар шаънига яна бир карра олқиш ва офаринларимиз бўлсин!

Энди бошқача ёндашув масаласига қайтамиз. Хўш, булоқнинг кўзи нима учун айнан шу сафар очилди? Улкан ғалаба учун истиқлолимизнинг қутлуғ 25 йиллик санасини кутиш шартмиди? Ёки ғалаба кайфияти, спортча вазият шу санага тўғри келдими? Очиғи, кутилган ва кутилмаган воқеалар таъсирида вакилларимизда ғалабага бўлган кучли иштиёқ уйғонгани рост. Россиялик паралимпиячиларнинг мусобақада иштирок этишмагани бошқалар қатори бизнинг спортчиларга ҳам қўшимча имконият яратгани айни ҳақиқат.

Бироқ на у ҳолат, на буниси паралимпиячиларимизнинг ғалабаларида асосий омил эмас. Тўғри, Лондон ва Манчестер шаҳри клубларидаги алғов-далғовлардан «Лестер» унумли фойдаланиб қолди. Кўзда тутилмаган спортча вазият шунга имкон берганди. Паралимпиячиларимизнинг ғалабаларини эса бу тахлит изоҳлаш ноўрин. Мазкур зафарли юришни ҳаттоки, 25 йиллик саъй-ҳаракатлар самараси, дейиш ҳам у қадар тўғри ҳисобланмайди. Агар масалага шундай ёндашсак, «Вакилларимиз Лондон-2012 мусобақасига тайёр бўлишмаган, ўшанда улар ғалаба учун имкон топишмаган» қабилида хулоса туғилади.

Хўш, унда масалага қай тахлит ёндашган маъқул? Фикримизча, мамлакатимиз спорт муҳити нуфузли халқаро турнирларга анча аввал тайёр бўлган. Фақат, турли сабабларга кўра, имконлар юзага чиқмаган, холос. Буни ёрқин мисоли мухлислар ёдида, албатта. Вадим Абрамов мураббийлигидаги собиқ олимпия термамиз Лондон-2012 йўлланмасини ўз қўли билан БАА вакилларига топширганди.

Аламлиси шундаки, ўшанда олимпиячи футболчиларимиз рақибларидан ҳеч бир жабҳада кам эмасдилар. Ғалаба имконидан фойдаланишмагани, ўз имконларини мағлуб ҳолда майдонда қолдиришгани - шахсий хатолари, мураббий хатоси. Яна бир бор таъкидлаймиз, бизнинг спорт муҳитимиз юксак ғалабаларга аслида анча олдинроқ лойиқ бўлганди. Имконлардан фойдаланмаслик шу ғалабаларни ортга сурди ва бугунги кунга қадар кечиктирди.

Халқимиз «Ҳечдан кўра, кеч яхши», дейди бағрикенглик ва шукрона билан. Шундай. Бугун халқимиз бироз кечиккан ғалабалар оғушида маст. Футзалчиларимизнинг ёши ўтган олтин авлоди вакилларидан айримлари жаҳон чемпионатида иштирок этишдики, бу ҳам юқорида тилга олинган ва бироз кечиккан ғалабаларга ҳамнафасликдир, гўё. Колумбия-2016 ўйинлари тасдиқладики, футзалчиларимиз жаҳоннинг кучли терма жамоалари билан басма-бас курашишга қодирлар. Мендез термамиз бошқарувига бироз эртароқ келганида, натижалар бундан-да юксак бўлиши мумкин экан аслида. Вакилларимизнинг Панама ва Колумбия термалари билан учрашувлари, кейин эса тилга олинган ҳар икки жамоанинг ўзаро баҳсини кузатиш асносида шундай хулосага келдик: бир қанча имконлар паркетда қолиб кетди, барибир. Имконлар юзага чиқишни истади. Футзалчиларимиз буни уддалашолмади, аниқроғи, ҳаттоки, Мендездек мураббий ҳам қайсидир паллада тажрибасизлик қилди. Мана, энди аён бўлдики, футзалчиларимиз Панама термасини енгишга руҳан тайёр бўлишолмаган. Жаҳон чемпионатидаги дастлабки учрашувлиги учун шундай ҳол юзага келди, дейиш жуда енгил сабаб ҳисобланади. Негаки, буни барча билади. Ҳаммага маълум сабабни енгиш эса, нисбатан осонроқ. Кимдир «Ёзиш муаммо эмас, дастлабки баҳсдаги ҳаяжонни енгиш муаммо», дер балки. Йўқ, ёзиш ҳам осон эмас. Маълум мулоҳазаларни кўпчилик эътиборига ҳавола қилиш мухлислар кўз ўнгида гол уриш каби масъулиятлидир. Ислом Слимани «Лестер» таркибидаги дебют ўйинида қайси омилга кўра, «дубл»га эришди? Нима, уни ҳаяжон босмаганми? Босган, албатта. Спортчи борки, буни ҳамиша ҳис қилиб туради. Фар­қи шундаки, баҳсга том маънода тайёр спортчи ҳаяжонни ўз вақтида узоқларга улоқтиради. Бизнингча, «Лестер» дебютанти айнан шундай йўл тутган. Демоқчимизки, футзалчиларимиз ҳам шу йўлдан боришганида, эҳтимол, ҳозир барчамиз «плей-офф»ни орзиқиб кутаётган бўлармидик?! Майли, ҳечқиси йўқ. Вакилларимиз, муҳими, жаҳон чемпионатида иштирок этиш вазифасини уддалашди, бу борада мухлисларни уялтиришмади. Майдон эгаларини таҳликага туширган шоввоз йигитлар футзал дунёсини сергак торттиришгани аниқ. Демак, футзалчиларимиздан янги ғалабалар кутишга ҳақлимиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мухлислар «Локомотив»нинг ОЧЛдаги ғалабасини шундай ҳақли нигоҳ билан кутишганди. Афсуски, «темирйўлчилар» ишончни оқлашмади. Биз уларнинг ярасига яна туз сепиш фикридан йироқмиз. Лекин бой берилган имкон хусусида ҳам сўзламасликнинг иложи йўқ. Ана, «МЮ» кучли таркиби билан кетма-кет 3 та ўйинни бой берди. Борингки, «Манчестер дербиси»даги мағлубият тушунарли. Ҳар ҳолда, рақиб мураббийи -Гвардиола ва «Сити» таркиби ҳам «МЮ»га муносиб. Аммо кейинги икки сафар учрашувидаги омадсизлик масъулияти Жозе Моуриньо зиммасида. «МЮ»нинг олтин таркиби ҳозирги кунда потенциал имкониятлар нуқтаи-назаридан жаҳоннинг энг кучли жамоалари билан беллашишга қодир. «Фейеноорд» ва «Уотфорд»га имкониятнинг бой берилиши эса, фикримизча, рақиб кучини тўғри баҳоламаслик натижасидир. Бу «МЮ»ни енгган икки клуб ўта кучли, деган хулосани бермайди, албатта. Ҳар иккиси нисбий маънода «МЮ»дан устун келиши мумкин эди ва шу нисбийлик амалга ошди. Дастлабки турларда тўлиқ кўринган «МЮ»даги заряд тугаб бораётгандек, тўғрироғи, Моу­риньо шу зарядни тўлдиролмаётгандек. «Локомотив» билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берди. Бутун мавсум давомида ғалаба гулханини ёққан жамоа энг муҳим ўйинда, боз устига, мухлислари кўз ўнгида рақибга таслим бўлди. Минг-минглаб мухлислар сўнгги дақиқаларга қадар «Локо» ўз сўзини айтишига ишонишди. Йўқ, умидлар пучга чиқди. «Реал» охирги паллагача курашиб, «Спортинг» «сенсация»сига йўл қўймади. «Локо» эса бу ишни эплолмади. Аламли, жуда аламли.

Хайриятки, Темур Олимхўжаев шогирдлари мухлислар қалбидаги мағлубият ғуборини ювиб юборишди. Таиландлик ўсмирлар ҳам вакилларимизга жон-жаҳдлари билан қаршилик кўрсатишди. Агар улар иккинчи бўлим бошида пенальтини аниқ амалга оширишганида, билмадик, воқеалар ривожи қандай тус оларди. Дастлабки турда вакилларимиз «Рақиб имкония­ти даражасида гол ураверсин, барибир, биз ундан кўпроқ урамиз» қабилида иш тутишди, гўё. Уларнинг ҳар бир баҳсда бу каби «шоу» уюштиришлари мухлислар учун ёқимли, албатта. Бироқ шу руҳга кўникиб қолиш хавфи мавжудлигини ҳам унутмаслик даркор. Зеро, ўсмирларимиз ҳозирча жиддий рақиблар билан куч синашишмади. Улар «Андижон» ва «Қўқон-1912» жамоалари каби жиддий рақиблар синовидан муваффақиятли ўтишса, жаҳон чемпионати йўлланмасини нақд қилишади. Ҳа, ишонаверинг, айни пайт «Насаф» «Андижон» учун, «Металлург» эса «Қўқон-1912» учун жиддий рақиб саналади. Дуранг ва ғалаба водийнинг икки клуби учун арзирли натижа. Қарангки, уларга қарама-қарши ўлароқ, «Навбаҳор» аутсайдер жамоадан йирик ҳисобда енгилди. Ғалати зиддият, тўғрими? Бу каби зиддиятнинг сабаби нимада? Ишончимиз комилки, зукко мухлисларда бундай саволларга асосли жавоблар мавжуд. Шу каби савол-жавоблар муҳокамаси бор экан, футболимиз тараққий этиб бораверади.

Муҳаммад Вали

Манба: Interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мағрур ва мағлуб имконлар