
Испания чемпионатидаги асосий рақобат “Эль-Класико” арафасида яна қизий бошлади. Бу сафар баҳс майдонда эмас, балки сўз майдонида авж олди.
Яқинда “Барселона”нинг ёш юлдузи Ламин Ямал “Kings League” стримида иштирок этиб, “Реал Мадрид” ҳақида баҳсли гаплар айтган эди. Унга блогер Ибай Льянос “Сенга ‘Порсинос’ жамоаси ‘Реал Мадрид’ни эслатмайдими?” деган савол берганда, Ямал шундай жавоб берди:
— Ҳа, албатта. Улар доим ўғирлик қилади ва кейин шикоят қилади.
Бу сўзлар, табиийки, “қироллик клуби” муҳитида катта муҳокамага сабаб бўлди. Бугун эса “Реал Мадрид” бош мураббийи Хаби Алонсо бу ҳақдаги саволларга жавоб берди.
— Мен бу масала юзасидан батафсил изоҳ бермайман, — деди у журналистлар билан суҳбатда. — “Барселона” вакилларининг шунча кўп баёнотлари борки, уларнинг барчасига жавоб беришнинг иложи йўқ. Биз диққатимизни фақат ўйинга қаратишни афзал кўрамиз.
Алонсо шу билан ўз жамоаси атрофидаги эҳтиёжсиз шов-шувлардан четда қолишни хоҳлаётганини кўрсатди. Унинг фикрича, “Эль-Класико”да ҳар қандай сўз эмас, фақат ўйин ва натижа аҳамиятли бўлади.
Эслатиб ўтамиз, “Реал Мадрид” ва “Барселона” ўртасидаги жаҳон футболининг энг кутилган баҳси 26 октябрь куни соат 20:15 да “Сантьяго Бернабеу”да бўлиб ўтади. Бу учрашувда иккала клуб ҳам чемпионлик йўлида муҳим очколар учун майдонга тушади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.