
“Динамо” жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов “Қизилқум” билан кечган учрашувдан сўнг журналистлар саволларига жавоб берди. 26-тур доирасидаги беллашув Навоийда 2:0 ҳисобида “Қизилқум” фойдасига якунланганидан кейин мураббий ўйин ҳақида, жамоа руҳияти ва ҳакамлик борасида очиқ фикр билдирди.
Абрамовнинг сўзларига кўра, жамоа рақибнинг ўйин услубини яхши билган, аммо ҳозирда ишлаб чиқилган режа майдонда амал қилмаган.
— “Биз “Қизилқум”нинг асосий эътиборни ҳимояга қаратиб, қарши ҳужумларда ўйнашини яхши билардик. Улар илк бўлиб ҳисобни очганидан сўнг анча хотиржам ҳаракат қилишди. Биз эса тезроқ ҳисобни тенглаштириш учун олдинга чиқдик, лекин иккинчи голни қарши ҳужумда ўтказиб юбордик. Шу пайтдан кейин майдонда футбол эмас, вақт ўтказиш бошланди. Улар темпни пасайтириш орқали натижани сақлаб қолишни уддалашди”, — деди мураббий.
Мутахассис жамоа чемпионлик пойгасидан чиқиб кетгани ҳақидаги саволга ҳам муносабат билдирди:
— “Ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Олдин ҳаммаси ўз қўлимизда эди, энди эса бошқаларнинг натижасини кутишга тўғри келади. Футбол шундай нарса — кутилмаган бурилишлар бўлади”, — деди Абрамов.
Унинг таъкидлашича, “Динамо” жамоаси тўп устидан устунлик қилган бўлса-да, реал ҳужумлар яратишда муаммолар бўлган:
— “Баъзи вазиятларда нотўғри қарор қабул қилдик, баъзан эса рақиб зарба йўлини тўсиб қўйди. Бундай пайтда қанотдан ўйнаш ва узатмаларни фаолроқ қилиш керак эди. Аммо бугун бу ҳам самара бермади”, — деди мураббий.
Журналистлар дарвозабон хатоси ҳақида сўраганда, Абрамов уни ҳимоя қилди:
— “Дарвозабонимиз ҳали ёш, у баъзан чиройли ўйнашга интилмоқда. Лекин футболда доим эстетика эмас, натижа муҳим. Мия билан ўйнаш керак. Унинг хатоси тажрибасизлик натижаси. Мен учун дарвозабоннинг гўзал сакраши эмас, балки тўпни ушлаши муҳим”, — деди у.
Суҳбат давомида мураббий ҳакамлик ҳақида ҳам фикр билдирди:
— “Захира ҳаками билан бир неча бор гаплашдим, у ҳаммаси яхши бўлади деди. Лекин натижа бошқача бўлди. Бош ҳакам эса қўшимча дақиқаларни ВАР белгилайди деди. Агар ВАР ҳал қилса, у нима учун майдонда югуряпти? ВАРнинг вазифаси умуман бошқа, ВАР қўшимча дақиқаларга аралашмайди”, — деди Абрамов.
Матбуот анжуманида иштирок этган мухлислардан бири жамоа руҳияти ҳақида танқидий фикр билдирди:
— “Бугун “Динамо”да ғалабага бўлган хоҳиш сезилмади. Ҳеч ким жанг қилгандек кўринмади”, — деди у.
Абрамов эса бундай мулоҳазаларни инкор этмади:
— “Мухлисларни тушунаман. Улар йўл босиб келишган, жамоа учун қайғуришган. Биз улар олдида хижолатдамиз. Футболчиларнинг кайфияти ва хоҳиши ҳақида гапирганда, буни ўзларидан сўраш керак. Улар курашмади, деб айтолмайман, аммо бугун биздан ҳеч нарса чиқмади”, — деди “Динамо” бош мураббийи.
Таъкидлаш жоизки, бу мағлубиятдан сўнг “Динамо” чемпионлик учун асосий рақобатдаги имкониятларини анча йўқотди. Аммо Абрамов сўзларига кўра, жамоа охиригача курашиш ниятида.
“Ҳали барчаси якунланмаган. Биз сўнгги дақиқагача майдонда ўз сўзимизни айтамиз. Ҳар бир ўйин бизнинг синовимиз”, — деб якунлади у.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!