
“Реал Мадрид” бош мураббийи Хаби Алонсо “Барселона”га қарши бўлажак “Эль-Класико” олдидан ўтказилган матбуот анжуманида жамоа ҳолати ҳақида фикр билдирди, деб хабар берди AS.com.
Испаниялик мутахассиснинг таъкидлашича, у жамоанинг асосий таркибини аллақачон белгилаб бўлган ва футболчиларнинг аксарияти бутунлай тикланишган.
“Менинг хаёлимда асосий таркиб тайёр. “Ювентус”га қарши ўйинда майдонга тушмаган футболчиларнинг деярли барчаси соғайишди. Ҳозир ҳар бир ўйинчи майдонга биринчи дақиқаларданоқ чиқишга тайёр. Биз рақибни ҳурмат қиламиз, аммо ўз ўйинимизга ишонамиз”, — деди Алонсо журналистлар билан суҳбатда.
Мураббий жамоа сафидаги янгиликларга ҳам тўхталиб ўтди. Унга кўра, Дин Хёйсен, Трент Александер-Арнольд, Дани Карвахаль ва Дани Себальос жароҳатларидан тўлиқ соғайишган ва жамоа ихтиёрига қайтишган. Бу “Реал” учун муҳим янгилик бўлиб, клуб мухлислари уларни асосий таркибда кўришни кутмоқда.
“Биз учун ҳар бир ўйин муҳим, аммо “Эль-Класико” алоҳида аҳамиятга эга. Бу нафақат очко учун, балки ғурур ва анъана учун ҳам бўлади. Жамоа мотивацияси юқори, мен эса ўйинчиларимга ишонаман”, — дея қўшимча қилди Алонсо.
Маълумот учун, “Реал Мадрид” ва “Барселона” ўртасидаги “Эль-Класико” 26 октябрь куни Тошкент вақти билан 20:15 да бошланади. Ла Лигада бу вақтда “Реал” пешқадам сифатида 24 очко билан етакчилик қилмоқда, “Барселона” эса икки очкога орқада бормоқда.
Футбол ишқибозлари бу тўқнашувни йилнинг энг қизиқарли учрашувларидан бири сифатида кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!