
Европа футболида яна бир юқори даражадаги трансфер шов-шувга айланиши мумкин. Бельгия терма жамоаси сардори ва “Манчестер Сити”нинг етакчиси Кевин Де Брюйне ушбу ёзда жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақида жиддий хабарлар тарқалди.
Де Брюйнега “Интер Майами”дан катта таклиф
Маълумотларга кўра, Америка Қўшма Штатларининг Месси бошчилигидаги “Интер Майами” клуби 33 ёшли плеймейкерни ўз сафида кўришни жуда истаяпти. Клуб Кевинга 2027 йилгача мўлжалланган ва кейин яна 3 йилга узайтириш имконини назарда тутувчи шартнома тайёрламоқда.
Хабарларга кўра, "Интер Майами" бу трансфер учун жиддий маблағ ажратган ва музокаралар босқичида катта ҳаракатларни амалга ошириб улгурган.
Саудия ҳам четда қолмаяпти
Бироқ Де Брюйнега бўлган қизиқиш фақат Америка билан чекланмайди. Саудия Арабистонининг иккинчи лигасида тўп сурадиган “Неом” клуби ҳам бельгиялик юлдузни ўзига жалб этишни хоҳлаяпти. Улар Кевинга йилига 24 миллион евро маош таклиф қилмоқда.
Музокаралар бошланган, бироқ ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган. Чунки футболчининг ўзи ва оиласи учун ҳаёт тарзи муҳим ҳисобланади — ва бу жиҳатдан Майами варианти анча афзал туюлаяпти.
Кевин Де Брюйне сўнгги йилларда “Манчестер Сити” билан барча йирик совринларни ютди, эндиликда эса у янги ҳаёт ва янги муҳит қидирмоқда. Унинг танлови дунё футболидаги навбатдаги катта воқеага айланиши мумкин — Америкадаги “супер жамоа”га қўшиладими ёки Саудияда молиявий импулсни танлайдими? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!