
Футбол оламида кутилмаган танқидлар янгради. Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг собиқ раҳбари Зепп Блаттер бутун дунё бўйлаб футбол ўйинлари сони ҳаддан ташқари кўпайганини маълум қилди. Унинг фикрича, бу тенденция нафақат футбол сифатига, балки спортчиларнинг соғлигига ҳам жиддий таҳдид солмоқда, деб хабар берди The Athletic.
Эслатиб ўтамиз, 14 июндан 13 июлгача АҚШ мезбонлик қилган Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати якунланди. Ҳал қилувчи финалда Англиянинг “Челси” клуби француз гранди ПСЖни 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва янги форматдаги мусобақанинг илк ғолибига айланди.
Бироқ ушбу мусобақа атрофидаги муҳокамалар ҳали тўхтамаган. Зепп Блаттернинг билдиришича, бу каби турнирлар футболни ортиқча юклама билан тўлдирмоқда.
“Футбол Саудия Арабистонига бой берилди. У ерда футбол ўйнаш таклифи қилинди ва улар буни рад этмади. Энг ажабланарлиси, ФИФАнинг бу ҳолатга қарши чиқмаганидир. Бугунги кунда футболчилар ҳам, клублар ҳам тўлиқ дам олиш имкониятидан маҳрум. Уларни мажбурий равишда майдонга қайта-қайта чиқариш – азоблаш билан баробар. АҚШдаги Клублар ўртасидаги мундиалда кузатилган иссиқлик эса инсон соғлиги учун хавфли даражада эди. Буни мутлақо қабул қилиб бўлмайди”, – дея таъкидлади Блаттер.
1998 йилдан 2015 йилгача ФИФА президенти лавозимида фаолият юритган Зепп Блаттер орадан йиллар ўтса-да, жаҳон футбол сиёсатига бефарқ эмас. Унинг гапларида нафақат спортчилар ҳақида қайғуриш, балки футболнинг умумий ривожланиш йўналишлари борасида ҳам жиддий хавотир бор.
Блаттернинг сўзларига кўра, футбол фақат тижорат асосида эмас, балки инсон ресурсини инобатга олган ҳолда ташкил этилиши керак. “Ҳар куни майдонда тўп суриш билан футбол ривожланмайди. Аксинча, чарчоқ, жароҳат ва руҳий таназзулни кучайтиради”, – дейди у.
Айни пайтда футбол жадвали жаҳоннинг турли гўшаларида деярли узлуксиз мусобақалар билан тўлиб кетган. Қитъалар миқёсидаги чемпионатлар, миллий лигалар, кубоклар, халқаро турнирлар ва энди Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати – буларнинг барчаси футболчилар зиммасида улкан юк бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, мухлислар орасида ҳам турли фикрлар янграмоқда. Айримлар бу каби мусобақаларни интиқлик билан кутса, бошқалар футбол мазмуни ва сифатини пасайишига шубҳа билан қарай бошлади.
Блаттернинг кескин баёноти келгусида ФИФА сиёсатларига таъсир кўрсатиши мумкинми? Бу ҳақда ҳозирча аниқ гап бўлиши қийин. Аммо бир нарса равшан – футболнинг келажагини фақат ғалабалар эмас, соғлом ёндашув ҳал қилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар