
Maшҳур Transfermarkt портали дунё футболидаги энг қиммат ҳимоячилар рўйхатини янгилади. Янги баҳолашга кўра, замонавий футболда ҳимоячиларнинг роли тобора ошиб бораётгани яна бир бор тасдиқланди.
Рейтингда биринчи ўринни «Барселона»нинг ёш ҳимоячиси Пау Кубарси эгаллади. Унинг бозор қиймати 80 миллион евро этиб белгиланди. Қизиғи шундаки, Кубарси билан бир қаторда яна уч нафар футболчи — «Арсенал»дан Вилям Салиба, «ПСЖ»дан Ашраф Ҳакими ва «Интер»нинг сардори Алессандро Бастони ҳам айнан шу суммага тенг баҳоланган.
Бу тўртлик ҳозирги вақтда дунёдаги энг қиммат ҳимоячилар сифатида тан олинган. Улар нафақат ўз клубларининг, балки миллий жамоаларининг ҳам асосий суянчи ҳисобланади.
Топ-10ликнинг давомида ҳам йирик клублар ва ёш иқтидорлар устунлик қилмоқда. «ПСЖ»нинг тезкор қанот ҳимоячиси Нуну Мендеш ва «Манчестер Сити»нинг хорват юлдузи Йошко Гвардиол 75 миллион евро қиймат билан бешинчи ва олтинчи ўринларни бўлишиб туришибди.
Шу қийматдаги яна икки футболчи — «Арсенал»дан Габриэл Магаляэс ва «Реал Мадрид»нинг яқинда трансфер қилинган англиялик ҳимоячиси Трент Александр-Арнолд ҳам рўйхатда бор.
Қизиғи, «Реал Мадрид» сафидаги ёш иқтидор Дин Ҳёйсен 70 миллион евро билан тўққизинчи ўринни эгаллади. Унинг ёши 19 бўлишига қарамай, бозор қиймати кескин ошиши уни келажакдаги катта юлдузлар қаторига қўшиб қўйган.
Топ-10ликни якунлаб берган футболчи — «ПСЖ» ҳимоячиси Виллиан Пачо. Унинг нархи 65 миллион евро этиб баҳоланган.
Мутахассислар таъкидлашича, ушбу рейтинг нафақат ўйин сифати, балки бозордаги талаб ва келажакдаги потенциал асосида шаклланган. Шу жиҳатдан қараганда, Кубарси ва Ҳёйсен каби ёш ҳимоячиларнинг юқори ўринда бўлиши — ёш авлоднинг катта салоҳиятини англатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!