
Ўзбекистон кубоги финалида “Бухоро” жамоаси “Пахтакор”га қарши беллашувда (0:1) мағлубиятга учраганидан сўнг бош мураббий Александр Хомяков журналистлар билан суҳбатда фикрларини билдирди. Унинг сўзларига кўра, жамоа охиригача курашган, аммо битта вазият ўйин тақдирини ҳал қилган.
— “Пахтакор”ни ғалаба билан табриклайман ва уларга Осиё чемпионлар лигасида омад тилайман. Бугунги беллашувда мухлисларимизга ҳам катта раҳмат айтмоқчиман. Улар бутун ўйин давомида бизга ишонч бағишлашди. Финалда ҳар бир хатонинг баҳоси катта бўлади, шунинг учун у томошабоп бўлмаса ҳам, кескин ва ҳиссиётларга бой ўтди. Йигитлар бор кучини берди, афсуски, ғалаба рақибга насиб этди, — деди мураббий.
Офсайд ҳақида: “Мен офсайд кўрмадим, лекин қарор мендан эмас”
Журналистлар жамоанинг бекор қилинган голи ҳақида сўраганда, Хомяков шундай жавоб берди:
— “Ўша вазиятда “пассив офсайд” бор дейишди. Лекин менимча, йўқ эди. Бошқа гап — мен ҳакам ёки эксперт эмасман, қарор чиқариш менинг вазифам эмас. Бу футбол, шундай ҳолатлар бўлиб туради. Аммо албатта, бундай мағлубиятлар аламли. Биз ҳужумда янада агрессивроқ бўлишимиз керак эди.”
Ҳакамлар ҳақида: “Қўполлик учун қизил карточка ҳам бўлиши мумкин эди”
— “Баъзан барча вазиятлар кўз олдимизда бўлади. Биринчи бўлимда Пўлатовга нисбатан қўпол ҳаракат учун қизил карточка кўрсатиш мумкин эди, деб ўйлайман. Аммо ҳакамлар тажрибали, улар қарорни ўйин ҳиссиётида қабул қилишади.”
“Футболда ҳар доим ютиш мумкин эмас”
Мағлубиятдан сўнг кийиниш хонасидаги муҳит ҳақида сўзлар экан, мураббий жамоасига қаттиқ гапирмаганини таъкидлади:
— “Йигитлар профессионал. Уларга сўз айтишнинг ҳожати йўқ — ўзлари ҳам вазиятни ҳис қилишяпти. Футболда ҳар доим ғалаба қучиш мумкин эмас. Бундай мағлубиятлар ёшларимиз учун катта сабоқ бўлади. Ҳаётда ҳам, спортда ҳам шундай — адолатли бўлмаган ҳолатлар сизни кучли қилади. Шунинг учун бугунги мағлубиятни руҳий жиҳатдан тўғри қабул қилиш керак.”
Колакович ҳақида: “Бу кўз ёшлар пул учун эмас — ғурур учун”
— “Футбол — бу ғалабалар учун олиб бориладиган уруш. Ҳозирги замонда сизни қаерда ўйнаганингиз эмас, нима ютганингиз сўралади. Колакович йиллар давомида Ўзбекистонда тўп сурди ва у бу мамлакат тарихида из қолдиришни хоҳлади. Шунинг учун у йиғлади. Бу кўз ёшлар пул ёки маош учун эмас, ғурур ва меҳнат учун эди. Биз мухлисларимиз, оилаларимиз учун ўйнадик. Қўрқув йўқ эди, фақат иштиёқ бор эди.”
Финалнинг маънавий сабоғи
Сўнгги сўзларида мураббий футболнинг моҳиятини яна бир бор ёдга солди:
— “Футбол — ҳиссиёт ва ирода ўйини. Натижа олдиндан маълум бўлмайди. Мен йигитлардан шунчаки бир нарсани сўраганман: кўчада болалигингизда қандай иштиёқ билан тўп сурган бўлсангиз, бугун ҳам худди шундай майдонга чиқинглар. Улар шундай қилишди ва мен улар билан фахрланаман.”
Шу тариқа, “Бухоро” мағлуб бўлган бўлса-да, жамоа ўйиндаги иродаси ва жанговор кайфияти билан мухлислар қалбидан жой олди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!