Мужтаба Хоминаий Форс кўрфази бўйича кескин баёнот қилди

28 февралдан бери омма олдида кўринмаган Мужтаба Хоминаий мамлакат аҳолисига навбатдаги мурожаат билан чиқди. Ушбу баёнот Форс кўрфази миллий куни муносабати билан тайёрланган бўлиб, Эрон телевидениеси орқали диктор томонидан ўқиб эшиттирилди ва расмий манбаларда эълон қилинди.
Мурожаатда Эроннинг ядровий ва ракета салоҳияти «миллий бойлик» сифатида баҳоланиб, уни ҳар қандай шароитда ҳимоя қилиш қатъий ният қилингани таъкидланди. Хоминаийга кўра, ушбу имкониятлар мамлакат ичида ва ташқарисида яшовчи «90 миллион мағрур ва олижаноб эронликлар» хавфсизлигининг кафолати ҳисобланади.
Эрон раҳбари нутқида минтақадаги геосиёсий вазиятга ҳам алоҳида эътибор қаратди. У Форс кўрфазининг келажаги ташқи кучларсиз бўлиши лозимлигини урғулаб, кескин баёнот қилди.
«Манфаатпарастлик ва ёвузлик билан ҳаракат қилиш учун минглаб километр масофадан келган хорижликларга Форс кўрфазининг тубидан бошқа жой йўқ», — дея қайд этди у.
Шунингдек, Ҳўрмуз бўғози масаласига ҳам тўхталиб, уни «душман томонидан суиистеъмол қилинишига йўл қўйилмаслиги»ни билдирди. Эрон раҳбари бўғоз орқали ўтаётган кемалардан тўлов ундириш режасидан воз кечмаслигини ҳам очиқ айтди.
Унинг сўзларига кўра, янги бошқарув тизими минтақадаги давлатлар учун иқтисодий имкониятлар яратади ва умумий тараққиётга хизмат қилади. Бу жараён эса аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, мазкур байрам 1622 йилда Ҳўрмуз оролидан португалияликларни қувиш воқеаси шарафига жорий этилган. Унда Шоҳ Аббос I ва Британия Шарқий Ҳиндистон компанияси ҳамкорлик қилган эди.
Қисқача айтганда, Хоминаийнинг бу чиқиши нафақат ички аудиторияга, балки халқаро майдонга ҳам қаратилган сиёсий сигнал сифатида баҳоланмоқда. Бу баёнот минтақадаги вазиятга таъсир кўрсатиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!