
Ўзбекистонлик спортчи Константин Белоусов Ҳиндистоннинг Гоа штатида 2025 йилнинг 9 ноябрида ўтказилган IRONMAN 70.3 Гоа халқаро мусобақасида ғолибликни қўлга киритди. У мусобақани 4 соат 25 дақиқа 47 сонияда якунлаб, 31 давлатдан келган 1300 дан ортиқ триатлончилар орасида биринчи ўринни эгаллади.
Мусобақанинг бешинчи нашри рекорд даражада кўп қатнашчиларни тўплади. Мусобақа Гоа штати ҳукумат раҳбари Прамод Саван томонидан очилди.
Спортчилар классик масофани босиб ўтишди: 1,9 км сузиш, 90 км велосипедда юриш ва 21,1 км югуриш. Белоусов немис ва чехиялик рақибларини ортда қолдириб, биринчи бўлиб маррага етиб келди.
Иккинчи ўринни Германиялик Михаэл Ленниг (4:36:42), учинчи ўринни эса Михаэл Золцер (4:42:19) эгаллади. Аёллар ўртасида Буюк Британиялик Элли Гарретт 5 соат 18 дақиқа 43 сонияда маррага етиб келиб, ғолиб бўлди.
Ҳиндистонлик Тимтим Шарма иккинчи, британиялик Люси Бланчард эса учинчи ўринни эгаллади.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, Гоа мусобақаси IRONMAN 70.3 серияси ичида энг гўзал, лекин иқлимнинг намлиги ва рельефнинг мураккаблиги туфайли энг қийин трассалардан бири ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!