
ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қаноти 29-декабрь куни Ғазо секторидаги етакчи вакилларидан бири Абу Обейданинг ҳалок бўлганини расман тасдиқлади. Гуруҳ бу ҳақда ўзининг Телеграм каналида эълон қилган баёнотида маълум қилди. Аввалроқ Исроил томони у бир неча ой олдин берилган ҳаво зарбаси натижасида йўқ қилинганини билдирган эди.
Баёнотда Абу Обейда ҲАМАСнинг муҳим шахсларидан бири сифатида тилга олиниб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Уруш давомида у гуруҳнинг асосий ахборот вакили бўлиб келган ва муҳим баёнотлар, жумладан, асирлар алмашинуви бўйича маълумотларни жамоатчиликка етказган.
Абу Обейда 1985-йилда туғилган ва Ғазо секторининг шимолидаги Жабалия ҳудудида улғайган. У ёшлигидан ҲАМАС сафига қўшилган ва кейинчалик ҳаракатнинг ҳарбий қанотида фаолият юритган. Абу Обейда доимо юзини ёпган ҳолда чиқиш қилиши билан танилган эди.
Исроил расмийлари маълумотига кўра, Абу Обейда 2024-йил август ойида Ғазога берилган зарба вақтида ҳалок бўлган. Исроил 2023-йил октабр ойидан бери ҲАМАС раҳбариятини йўқ қилишни мақсад қилганини билдириб келмоқда. Мутахассислар Абу Обейданинг ўлими Ғазодаги вазиятга таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.