
Италия А Сериясининг 18-тури доирасида «Рома» клуби «Женоа»га қарши баҳс олдидан бош мураббий Жан Пьер Гасперини матбуот анжуманида қатнашиб, жамоанинг ҳозирги ҳолати, ҳужум чизиғидаги муаммолар ва таркибдаги ўзгаришлар ҳақида атрофлича фикр билдирди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, у футболчининг асосий таркибда ёки захирадан ўйинга қўшилишига катта урғу бермайди. Асосийси — майдонда ким жамоага фойда келтира олиши. У хусусан Матияс Соуле жамоа учун муҳим таянч нуқтага айланганини таъкидлади. Шунингдек, Лоренцо Пеллегрини кўп дақиқа ўйнаганини, қолган вақт эса Пауло Дибала, Артём Довбик, Эван Фергюсон ва Томмазо Балданци ўртасида деярли тенг тақсимланганини айтди. Довбик эса жароҳат сабаб айрим ўйинларни ўтказиб юборган.
Гасперини очиқ тан олдики, жамоа ҳозирча кутилган даражада гол ура олмаяпти. Бу муаммо фақат битта ўйинга тегишли эмас, балки мавсум олди тайёргарлигидан бери сезилиб келмоқда. Унинг таъкидлашича, ўтган мавсумга нисбатан «Рома» икки муҳим футболчини — Элдор Шомуродов ва Алексис Салемакерсни йўқотди. Улар ўрнига Бейли ва Фергюсон жамоага қўшилди. Бироқ Бейли кўпинча жароҳатлар билан овора бўлган, Фергюсон эса имкониятича жамоага фойда келтиришга ҳаракат қиляпти.
Шу билан бирга, мураббий жамоанинг умумий меҳнатини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, барча футболчилар «Рома»ни турнир жадвалида юқори ўринларга олиб чиқиш ва бу позицияни сақлаб қолиш учун виждонан ишламоқда. Гасперини қишки трансферлар ойнасига катта умид боғламаслигини ҳам яширмади. Унинг фикрича, янги футболчилар келса ҳам, уларга мослашиш учун вақт керак бўлади. Шу сабабли у ҳозирги таркибдаги ижрочиларга ишонишни маъқул кўради.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Элдор Шомуродов ўтган ёзги трансферлар пайтида «Рома»ни тарк этиб, Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клубига кўчиб ўтган эди. Ўзбекистонлик ҳужумчининг кетиши ҳам римликлар ҳужум салоҳиятига маълум даражада таъсир қилгани мутахассислар томонидан қайд этилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.