Ғофур Раҳимов WBC EuroAsia президенти бўлди

Бангкокда ўтган Бутунжаҳон бокс кенгашининг 63-конвенциясида МДҲ ва Болқон мамлакатлари бокс ташкилоти (CISBB) WBC EuroAsia деб қайта ташкил этилди ва унинг президенти этиб бир овоздан Ғофур Раҳимов сайланди. Мазкур қарор WBC директорлар кенгаши йиғилишида қабул қилинди.
WBC EuroAsia ташкилотининг мақсади Европа ва Осиё боксини бирлаштириш ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат. «Ўзбекистоннинг янги платформадаги иштироки мамлакатнинг халқаро спорт майдонидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди ва янги авлод чемпионлари учун йўл очади», — дейилади Ўзбекистон Профессионал бокс федерациясида.
Янги тузилма спортчилар, мураббийлар ва ҳакамлар учун таълим дастурларини ташкил этиш, шунингдек, минтақаларда қўшма медиа ва маркетинг ташаббусларини йўлга қўйишга эътибор қаратади.