Туркиядаги йиғинда «Андижон» «Вашаш»га йирик ҳисобда ютқазди

Янги мавсум олдидан тайёргарликни жадал давом эттираётган «Андижон» Туркиядаги ўқув-йиғин дастури доирасида навбатдаги ўртоқлик учрашувини ўтказди. Андижонликлар бу сафар Венгриянинг «Вашаш» жамоасига қарши майдонга тушди ва учрашув европаликларнинг ишончли, йирик ғалабаси билан якунланди.
«Андижон» — «Вашаш» (Венгрия) 0:4
Голлар: Павковиш (6), Петхо (31), Тот (43), Немет (57).
Беллашув аввалидаёқ рақиб тезкор гол уриб, ўйин ритмини ўз фойдасига буриб олди. Биринчи бўлимдаёқ «Вашаш» яна икки бор андижонликлар дарвозасини ишғол қилди ва танаффусга катта устунлик билан чиқди. Иккинчи бўлимда ҳам венгрияликлар босимни пасайтирмади ва ҳисобни йирик кўринишга олиб келди.
«Андижон»нинг биринчи бўлимдаги таркиби:
Элдор Адҳамов, Абдураҳмон Комилов, Одилбек Абдумажидов, Абдулвоҳид Ғуломов, Бекзод Сулаймонов, Ҳумоюнмирзо Иминов, Аббос Абдуғаффоров, Усмонали Исмоналиев, Сардор Азимов, Сайфиддин Содиқов, Асилбек Алиев.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар:
Раҳимжон Давронов, Одил Абдумажидов, Игорь Голбан, Иброҳим Йўлдошев, Ислом Тўхтахўжаев, Александр Андроникашвили, Дамир Темиров, Драган Черан, Дониёр Абдуманнопов, Имеда Ашортиа, Пўлатхўжа Холдорхонов.
Маълумот учун, «Вашаш» айни пайт Венгриянинг иккинчи дивизионида 2-ўринни эгаллаб турибди. Бу венгрияликларнинг йиғиндаги иккинчи ўйини бўлиб, улар аввалроқ Қирғиз Республикасининг «Азия» жамоасини ҳам 4:0 ҳисобида мағлуб этган эди.
«Андижон» учун эса мазкур беллашув йиғиндаги иккинчи синов бўлди. Андижонликлар биринчи ўйинда «Сиверек Беледиеспор»ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Энди жамоа ушбу натижадан зарур хулосалар чиқариб, тайёргарлик жараёнида камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!