date

Ислом Исмоилов: «Нефтчи» ғалаба қозонди, аммо қиладиган ишларимиз кўп

Ислом Исмоилов: «Нефтчи» ғалаба қозонди, аммо қиладиган ишларимиз кўп

Туркияда йиғин ўтказаётган “Нефтчи” клуби бугун навбатдаги ўртоқлик учрашувини Словениянинг “Алюминий” жамоасига қарши ўтказди. Назорат баҳси 2:1 ҳисобида фарғоналикларнинг фойдасига ҳал бўлди ва йиғин жараёнидаги ишларнинг маълум қисми тўғри йўлга тушаётганини кўрсатди.

Учрашувдан кейин “Нефтчи” бош мураббийи Ислом Исмоилов клуб матбуот хизматига фикрлари билан ўртоқлашди. Мутахассиснинг таъкидлашича, ўйин умумий жиҳатдан ёмон ўтмади, рақиб ҳам Словения чемпионатида ўз ўрнига эга бўлган жиддий жамоалардан.

— Учрашувга тўхталсак, назаримда, яхши баҳс бўлди. Рақиб ҳам Словениянинг муносиб жамоаларидан бири. Биз амалга оширишимиз керак бўлган ишларимизни босқичма-босқич йўлга қўяяпмиз. Қилмоқчи бўлган ғояларимизни футболчиларимиз ўқиб чиқадиган оддий бир китоб эмас — бу жараён вақт талаб қилади. Биз жамоада жуда кўп нарсани ўзгартиришга интиляпмиз. Шу билан бирга, футболчиларга раҳмат: максимал даражада меҳнат қилишди, берилган вазифаларни бажаришга уринишди, — деди Исмоилов.

Мураббий иккинчи бўлимда ёшларга кенгроқ имконият берилганини ҳам алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, бу — келажак учун муҳим инвестиция, чунки ёш футболчиларда ишонч ва барқарорлик босқичма-босқич шаклланади.

— Иккинчи таймда кўпроқ ёшларга имконият бердик. Бу ҳам зарур. Жамоадаги ёшлар ўзларига ишончни аста-секин кучайтириб бориши керак. Шу сабаб ҳар ўйинда уларга ҳам имконият беришга ҳаракат қилаяпмиз. Бугун таркибимизда 6 нафар 17–18 ёшдаги йигитлар тўп суришди. Албатта, бу клуб келажаги учун фойдали, — дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, легионерлар масаласига ҳам тўхталган Исмоилов, айрим футболчиларнинг ҳолати аниқлашиб бораётганини билдирди. Ратиньо жароҳатидан кейин тикланиш босқичида, Нимели эса виза билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиб, ниҳоят жамоа сафига етиб келган.

— Қолган легионерларга келсак, Ратиньо жароҳатидан кейин энди тикланиш жараёнида. Нимели виза муаммоларини ҳал қилди ва бугундан жамоага қўшилди. Улар ҳам яқин орада тўлиқ мослашиб кетади, — деди бош мураббий.

Энг муҳими, Исмоилов натижадан қониқиш борлигини тан олган ҳолда, ўйин сифатидан ҳали тўлиқ рози эмаслигини очиқ айтди. Унинг таъкидлашича, жамоа ҳозирги таркиби билан бундан анча юқори даражада футбол кўрсата олади. Аммо янги ғоялар ва янги талабларни жамоа ичига “сингдириш” учун вақт ва сабр керак.

— Ўйиндан тўлиқ қониққанимиз йўқ. Қиладиган ишларимиз кўп. Ўйин сифатини яхшилашимиз шарт. Футболчиларимиз истаса, бундан 3–4 баробар яхши ўйин кўрсата олади. Ҳозир биз ғояларимизни уларга жойлаштириш учун вақтга муҳтожмиз. Уларга ҳам мураббийлар штаби ва мен талаб қилаётган янги услубни тушуниб олиш учун муддат керак. Сабаби, жамоа уч йил давомида бир хил схема ва бир хил руҳда ҳаракат қилган. Энди шу одатдан чиқиб кетиш — катта меҳнат ва вақт талаб қилади. Лекин биз тўхтаб қолмаймиз. Худо хоҳласа, жамоа мавсумга энг оптимал формада етиб келади, — дея сўзини якунлади мутахассис.

Қисқаси, “Нефтчи” йиғинда натижа ҳам кўрсатяпти, ичида эса катта ўзгаришлар жараёни кетяпти. Энди асосий масала — шу ўзгаришларнинг майдондаги сифати тезроқ барқарор кўринишга кириши.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Ислом Исмоилов: «Нефтчи» ғалаба қозонди, аммо қиладиган ишларимиз кўп