date

Википедия AI гигантларига маълумотларни расман сотишини маълум қилди

Википедия AI гигантларига маълумотларни расман сотишини маълум қилди

Википедияни бошқарувчи Wikimedia фонди сунъий интеллект бозоридаги йирик ўйинчилар билан янги келишувлар тузилганини маълум қилди. Рўйхатда Amazon, Meta, Microsoft, Perplexity ва Mistral AI каби компаниялар бор. Яъни энди “Википедиядан олинаётган билим” оддий одат эмас — расмий тўловли ҳамкорликка айланяпти.

Янги келишувларга кўра, мазкур компаниялар Wikimedia Enterprise хизмати орқали Википедия маълумотларига кириш учун қонуний тарзда пул тўлайди. Бу эса интернетда кўп учрайдиган “рухсатсиз скрейпинг”, яъни сайтдан маълумотни яширинча оммавий йиғиб кетиш амалиёти ўрнини босиши керак. Фондга кўра, энди контентдан “шаффоф ва қонуний шартларда” фойдаланиш механизми пайдо бўлаяпти.

Қизиғи, бу битимлар бир йиллик муддатга тузилган бўлса-да, аввал бундай ҳамкорликлар жамоатчиликка очиқ эълон қилинмаган. Энди эса янги “ҳамкорлар” аввалдан Wikimedia Enterprise билан ишлаб келаётган Google, Ecosia ва бошқа компаниялар қаторига қўшилди.

Wikimedia фондининг таъкидлашича, Википедия ҳозирги замонавий технологиялар ривожида жуда катта аҳамиятга эга. Энциклопедиядаги маълумотлардан чат-ботлар, қидирув тизимлари, овозли ёрдамчилар ва умуман сунъий интеллектга таянадиган турли сервислар кенг фойдаланяпти. Шундай экан, фонд позицияси оддий: маълумот барибир ишлатилади — унда нега у “тўғри, адолатли ва очиқ” йўл билан ишлатилмасин?

Қисқаси, Википедия энди “ҳамма учун очиқ” деган ғоясини сақлаган ҳолда, унинг маълумотларидан катта масштабда фойдаланаётган AI компанияларига: “окей, ишлатасан — лекин расман ва ҳақини тўлаб” деяпти. Бу эса келажакда контент, лицензия ва маълумот учун рақамли бозор қоидалари янада қаттиқлашишидан дарак.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Википедия AI гигантларига маълумотларни расман сотишини маълум қилди