
31 декабрь куни соат 05:14 да (Тошкент вақти билан) эълон қилинган хабарга кўра, АПЛнинг 19-турида Лондоннинг «Арсенал» жамоаси «Астон Вилла»ни йирик ҳисобда мағлуб этди. «Эмирейтс» стадионидаги учрашув 4:1 натижа билан якунланди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Биринчи бўлимда ҳар икки жамоа хавфли вазиятлар яратди, бироқ танаффусгача ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимда эса мезбонлар ўйин суръатини кескин оширди ва ташаббусни қўлга олди.
Ҳисоб бурчак зарбасидан кейин очилди: Сака оширган тўпни Габриёл дарвозага йўллади. Эпизод VAR орқали текширилди ва гол ўз кучида қолдирилди. Орадан кўп ўтмай «канонирлар» рақибни юқорида босим билан хатога мажбур қилди — Эдегор жарима майдонига узатган пасни Субименди аниқ зарба билан якунлаб, фарқни иккитага оширди.
Кейин «Арсенал» узоқ масофадан йўлланган зарбалар билан устунлигини мустаҳкамлади. Тимберга қайтарилган тўпдан сўнг Троссар пастки бурчакка аниқ тепди. Якуний нуқтани захирадан майдонга тушган Габриёл Жезуэс қўйди: у 18 метрлар атрофидан ўнг «тўққизлик»ка чиройли гол урди. Голидан сўнг футболкасини ечгани учун ҳужумчи сариқ карточка олди.
«Астон Вилла» асосан стандарт вазиятлар ва Роджерснинг ҳужумдаги ҳаракатлари орқали жавоб қайтаришга уринб кўрди, аммо дарвозабон Райя ҳамда ҳимоя чизиғи ишончли ўйнади. Ҳакам Самуэл Ингленд асосий вақтга саккиз дақиқа қўшиб берди. 90+4-дақиқада Олли Уоткинс жарима майдонидаги бўш ҳудуддан унумли фойдаланиб, меҳмонларнинг «обрў голи»ни киритди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.