Клозе Месси ва Мбаппе рекорди янгиланишига ишонмоқда

Германия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Мирослав Клозе Жаҳон чемпионатлари тарихидаги тўплар сони бўйича ўз рекордини яқин йилларда янгилашади, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Клозе тўртта мундиалда қатнашиб, умумий ҳисобда 16 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган. Ҳозирча амалдаги футболчилар орасида унга энг яқин кўрсаткич Лионел Мессида (13 гол) ва Килиан Мбаппеда (12 гол) қайд этилган.
«Рекордим тез орада янгиланади, бунга ишонаман. Месси 2026 йилда буни уддалаши мумкин, Мбаппе эса 2026 ёки 2030 йилда. Мен Леонинг катта мухлисиман ва агар у фаолиятини давом эттирса, унга энг яхши тилакларни тилайман. Мбаппенинг ҳам истеъдоди ақлбовар қилмас даражада. Умид қиламанки, иккаласи ҳам соғлом бўлади ва максимал даражасини кўрсатади. Шунга қарамай, ҳозирча энг яхши статистика менда ва мен ярим финалга тўрт марта чиққан ягона футболчиман», — дея Клозенинг сўзларини келтиради Bild.
Эслатиб ўтамиз, Месси 2022 йилда Қатарда ўтган ЖЧда ғолиб чиққан, Мбаппе 2018 йилда Россиядаги мундиалда кубокни қўлга киритган. Клозе эса Германия билан 2014 йили Бразилияда чемпионликни нишонлаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!