Оҳангарондаги 14 ёшли қиз ҳолати бўйича иддаолар асоссиз деб топилди

Тошкент вилоятида кенг муҳокамага сабаб бўлган ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди. Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати тарқатган баёнотга кўра, ППХ ходими билан боғлиқ равишда ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар текширув давомида ўз тасдиғини топмаган.
Расмий маълумотга кўра, воқеа жорий йил 27 апрель куни тунги соат 00:40 атрофида содир бўлган. Оҳангарон шаҳрида хизмат олиб бораётган ППХ ходимига унинг таниши — 22 ёшли А.К. (аёл) телефон орқали мурожаат қилиб, маслаҳат зарурлигини билдирган ва учрашувга чақирган.
Ходим белгиланган жойга етиб боргач, А.К. ва унинг 14 ёшли таниши унинг автомашинасига ўтирган. Шу вақтда 18 ёшли А.Х. (видеомурожаат муаллифи) яна тўрт нафар танишлари билан келиб, ходимга нисбатан ҳақоратли сўзлар айтган ва жанжал келтириб чиқарган. Таъкидланишича, мазкур шахс 14 ёшли қиз билан қариндошлик алоқасига эга эмас.
Идора қайд этишича, ҳолатда вояга етмаган шахс иштирок этгани сабабли барча тафсилотлар очиқланмаяпти ва текширув жараёнлари қонуний тартибда давом этмоқда.
Шу билан бирга, расмийлар текширув якунига кўра ёлғон маълумот тарқатган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилиши, агар бу ҳаракатлар оғир оқибатларга сабаб бўлган бўлса, жиноий жавобгарлик ҳам қўлланилиши мумкинлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу ҳолат бўйича турли хабарлар тарқалган ва ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти текширув бошланганини, ходим вақтинча хизматдан четлаштирилганини маълум қилган эди.
Қисқаси, ҳолат юзасидан аниқ хулоса ҳали чиқарилмаган. Расмий текширув натижалари эълон қилингунига қадар тарқатилаётган маълумотларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш тавсия этилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!