date

Ҳусановга оммавий қўллаб-қувватлаш: яна "ой футболчиси" унга тегадими?

Ҳусановга оммавий қўллаб-қувватлаш: яна "ой футболчиси" унга тегадими?

Англия гранди — "Манчестер Сити" апрель ойининг энг яхши футболчисини аниқлаш мақсадида мухлислар ўртасида овоз бериш жараёнини бошлади. Номзодлар орасида жамоанинг уч нафар футболчиси — Абдуқодир Ҳусанов, Бернарду Силва ва Нико О'Райли бор.

Айни пайтда клубнинг ижтимоий тармоқларида қизғин муҳокамалар давом этмоқда. Мухлислар фикрларига қараганда, апрель ойида энг барқарор ва таъсирчан ўйин кўрсатган футболчи сифатида айнан Ҳусанов алоҳида ажралиб турибди.

Кўплаб мухлислар унинг нафақат ҳимояда ишончли ҳаракат қилгани, балки бутун жамоа ўйинига таъсир ўтказаётганини таъкидлашмоқда. Айрим фикрларда ҳатто у майдонда бўлганда жамоа ўзини анча ишончли ҳис қилиши айтилган.

Жумладан, мухлислардан бири шундай дейди:
— Барча номзодлар юқори даражада, аммо Ҳусановга бўлган қўллаб-қувватлаш уни янада кучайтирди. У ғалабага муносиб.

Бошқа бир мухлис эса уни “ҳимоя девори” деб атаб, жамоанинг ҳозирги ва келажак таянчи сифатида баҳолаган. Яна бир фикрда эса ҳатто Хосеп Гвардиола ҳам энг яхши футболчи ким эканини яхши билиши айтилган.

Josphat Koki:

Ғолиб кимлиги аниқ-ку, овоз бериб нима қиламиз! Ғолиб – бизнинг ўзбек жангчимиз – АК45.

Andrew Johns:

Танлаш жуда қийин. Уларнинг ҳаммаси муносиб. Эҳтимол, Ҳусановни танлайман, чунки у асосий таркибда бўлса, биз ўйинни ютишимизни ҳис қиламан. “Сити” деярли ҳар доим гол уради, аммо рақибларга бўшлиқ ҳам қолдиради. Ҳусанов эса доим ҳаммасини ёпиб ташлайди.

Jaisal Minaj:

Ҳусанов... ҳимоянинг юраги...

Kiki Yu:

Балки баъзиларга фикрим ёқмас, балки О'Райлини танлашар, лекин футбол фақат гол уришдан иборат эмас. Ҳусанов ҳимояда ҳақиқатан ҳам ёрқин ўйнаяпти.

Joseph Muneeni Kimanzi:

Ҳатто Хаверц ҳам Ҳусановга овоз беради.

Trevor Manyandu:

Ҳусанов бунга муносиб. У бу ойда жуда катта меҳнат қилди ва биз Рубен Диашнинг йўқлигини деярли сезмадик.

Andrea Andrew:

Агар нима учун ютқазмаётганимизни билмасангиз, бунинг сабабчиси – Ҳусанов.

Jamal Nuur Omar:

Ҳусанов совринга муносиб. У “Арсенал”га қарши ҳам, “Бёрнли” ва “Челси” билан ҳам зўр ўйнади.

Kelvin Kays:

Ҳусанов мени ҳар доим биринчи ўйинида уни танқид қилганим учун уялтиради. Бу одам ҳимояда порлаяпти. Ютуқни унга беринг, муносиб.

Tendai Marumahoko:

Ҳусанов бутун ҳимояни бир ўзи ушлаб турибди.

Мухлислар орасидаги умумий фикр бир нуқтада туташмоқда — Ҳусанов майдонда бўлганда жамоа кам гол ўтказади, ҳимояда ишончлилик ортади ва натижа учун муҳим омилга айланади.

Айримлар Бернарду Силванинг жамоа учун аҳамиятини ҳам юқори баҳолаган бўлса, бошқалар Нико О'Райлининг истиқболини алоҳида таъкидламоқда. Шунга қарамасдан, кўпчилик овозлар айнан ўзбекистонлик ҳимоячи томон оғмоқда.

Эътиборлиси, Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсумда “Манчестер Сити” сафида ойнинг энг яхши футболчиси совринини икки марта қўлга киритган ягона ўйинчи ҳисобланади. У январь ва март ойларида бу эътирофга сазовор бўлган.

Қисқаси, мухлислар фикрига қараганда, апрель ойида ҳам соврин айнан Ҳусановга насиб этиши кутилмоқда. Агар бу амалга ошса, у жамоадаги энг барқарор ва муҳим футболчилардан бири сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлайди.

Интрига сақланмоқда, лекин тренд аниқ: мухлислар танловини аллақачон қилгандек.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Ҳусановга оммавий қўллаб-қувватлаш: яна "ой футболчиси" унга тегадими?