15:33 / 18.08.2018
4 504

Ўзбекистон ўз рекордини янгилаш учун Жакартада нечта медал ютиши керак?

Ўзбекистон ўз рекордини янгилаш учун Жакартада нечта медал ютиши керак?
Индонезия мезбонлигида ўтадиган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг аксарият мусобақаларига 18 август куни бўладиган расмий очилиш маросимидан сўнг старт берилади.

Турнирга Ўзбекистондан 232 нафар спортчи йўл олган бўлиб, улар спортнинг 30 тури бўйича мамлакат шарафини ҳимоя қилади.

Мусобақа тарихига назар ташлаб, Ўзбекистон спорти учун энг омадли ёзги Осиё ўйинлари қайси турнир бўлганини бир қарашда аниқлаш мушкул. Медаллар сони бўйича ҳисоблаганда, Гуангжоу – 2010да энг яхши кўрсаткич қайд этилган – 56 та медал. Бироқ бу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 8-ўринни эгаллаганини, бунга қадар вакилларимиз ёзги Осиё ўйинларини икки марта бешинчи ва бир марта еттинчи ўринларда якунлашганини эътиборга олсак, бу эътирофни мутлақ тўғри деб бўлмайди. Бундан ташқари, умумжамоа рейтингида 5-ўрин қўлга киритилган чемпионатлардан бири – Бусан-2002да Ўзбекистон ҳисобидаги олтин медаллар сони 15 та бўлган (олтин медаллар бўйича энг яхши кўрсаткич), бу Гуангжоудагидан 4 тага кўпроқ.

Энг муваффақиятсиз ўтган ёзги Осиё ўйинларини танлашда ҳам худди шундай мураккабликка дуч келиш мумкин. 1998 ва 2006 йилги мусобақаларда ўзбекистонлик спортчилар энг кам кўрсаткич – 40 тадан медалга эришган бўлса-да, ҳар холда якуний жадвалда мос равишда 10- ва 7-ўринларни эгаллашган. Сўнгги Осиё ўйинларида эса медаллар сони 45 та бўлса-да, терма жамоа тарихда илк марта кучли ўнталикдан тушиб қолган – умумжамоа ҳисобида 11-ўрин. Боз устига, 2014 йилги мусобақада, худди 1998 йилги Бангкокдаги турнирда бўлгани каби, олтин медаллар сони 10 тага етмай қолган.

1951 йилдан ўтказила бошланган ёзги Осиё ўйинларининг умумий медаллар жадвалида Ўзбекистон 63 та олтин билан 11-ўринда бормоқда. 10-ўриндаги Филиппин ҳисобида ҳам худди шунча олтин медал бор. Аммо филиппинликлар 17 та Осиё ўйинларининг барчасида, Ўзбекистон эса сўнгги 6 тасида иштирок этганини инобатга олсак, бу рақибдан ўзиб кетишимиз муаммо бўлмаслиги аниқ. Таққослаш учун, филиппинликлар Инчеондаги сўнгги турнирда 15 та медал қўлга киритган бўлса, шулардан фақат биттаси олтин эди. Ўзбекистонлик олимпиячилар эса жами 45 та, шу жумладан 9 та олтин медалларни қўлга киритишган. Пировардида, агар ҳамюртларимиз Жакартада Филиппин спортчиларидан биттага кўпроқ олтин олишса ҳам, тарихий жадвалнинг илк ўнталигидан жой оламиз.

Унутмаслик керакки, энг яқин таъқибчимиз Индонезия бу сафар ўз майдонида биздан илгарилаб кетишга ҳаракат қилади. Осиё ўйинлари мезбони Ўзбекистондан бор-йўғи 3 та олтин медалга ортда қолмоқда. Ваҳоланки, умумий медаллар сони бўйича улар 84 та медалга олдинда. Ўтган галги мусобақани Индонезия 4 та олтин, жами 20 та медал билан якунлаган. Ўзбекистоннинг Инчеондаги кўрсаткичи, юқорида таъкидлаганимиздек, 9 та олтин (жами 45 та медал). Демак, Жакартада турнирнинг тарихий-умумий рейтингида 10-ўринни эгаллаш учун Ўзбекистон, Индонезия ва Филиппин спортчиларининг рақобатини кузатамиз.

Албатта, барча жамоалар иштирокларини турли вақтларда бошлагани сабабли, ушбу рўйхатга қараб Ўзбекистон спортининг Осиёдаги ўрни ҳақида қатъий хулосалар чиқариш ноўрин бўлади. Бироқ яқин қўшнимиз – Қозоғистоннинг кўрсаткичлари билан ўзимизникини солиштириб, муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Рейтингда 5-ўринда бораётган, 4-ўриндаги Эрондан 14 тагина медалга ортда қолаётган Қозоғистон билан орамизни нақ 207 та (!) медал ажратиб турибди. Олтин медаллар сони бўйича икки баробардан ҳам кўпроқ ортда қолмоқдамиз – 63га 140. Икки мамлакат аҳолиси сонини таққослаб, қозоқ қўшниларимизнинг спортда биздан анча илгарилаб кетганини тан олишимиз лозим.


Сарлавҳадаги саволга жавоб эса шундай: Ўзбекистон Осиё ўйинларидаги рекордини янгилаш учун 57 та медал ютиши керак.

Умуман олганда, қуйидаги уч шартлардан нечтаси бажарилганига қараб, олдиндаги Жакарта азиадасидаги иштирокимизга бир қадар холис баҳо бериш мумкин:
- умумий медаллар сони 60 тага етиши (ҳозирги рекорд – 56);
- олтин медаллар сони 20 тага етиши (ҳозирги рекорд – 15);
- умумжамоа ҳисоби бўйича рейтингда 4-ўринни олиш (ҳозирги рекорд – 5-ўрин 2 марта қайд этилган).

Тўрт йил олдин 45та медал (9 та олтин) билан 11-ўринни эгаллаганимизни инобатга олиб айтганда, бу учала шартлардан бирортасини бажаришимиз катта сўроқ остида турибди. Яъниким, рақамлар Жакартадаги Осиё ўйинлари Ўзбекистон спорти тарихидаги энг яхшиларидан бири бўлиши эҳтимоли камлигини кўрсатмоқда.

Изоҳ: Халқаро Олимпия қўмитаси ва Осиё Олимпия кенгаши олимпиада ва азиада мусобақаларининг якуний медаллар жадвалини расмий рейтинг сифатида тан олмаса-да, анъанага биноан бундай рўйхатни шакллантиради. Рейтингни тузишда жами совринлар миқдори эмас, олтин медаллар сони асос бўлиб хизмат қилади. Мисол учун, 4 йил олдин Ўзбекистон ҳисобида умумий медаллар 45 та бўлгани ҳолда 11-ўринга, жами 14 та медалга эга Қатар 10-ўринга жойлаштирилган, сабаби олимпиячиларимиз ҳисобидаги олтин медаллар 9 та, қатарликларда 10 та эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон ўз рекордини янгилаш учун Жакартада нечта медал ютиши керак?