08:16 / 26.07.2019
1 987

Вадим Абрамов: "Иштиёқи баланд футболчилар билан ишлаш мураббийга куч бағишлайди"

Вадим Абрамов: "Иштиёқи баланд футболчилар билан ишлаш мураббийга куч бағишлайди"
Вадим Абрамов бошчилик қилаётган «Бунёдкор» клуби иккинчи даврага тайёргарликни Белоруссия пойтахти Минскда олиб борди. У ерда бир қатор назорат учрашувлари ташкил этилди ва таркибда янги ўйинчилар ҳам синовдан ўтказилди. Эътиборлиси, Суперлига клублари орасида биргина «Бунёдкор» хориж йиғинини ташкил эта олди. Биринчи даврада асосан ёшлар билан чемпионатда иштирок этган «Қалдирғочлар» мазмунли ўйин кўрсатишгани боис кўпчиликда яхши таассурот қолдиришди.

Бунинг устига бош мураббийнинг ҳам меҳнатлари катта эканлигини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Иккинчи даврада эса «Бунёдкор» янада кучли жамоага айланиши кутилмоқда. Хориж йиғини ҳам бежизга ташкил этилгани йўқ. Жамоа аъзолари Минскдан қайтиб келишганидан сўнг «Бунёдкор» устози Вадим Абрамов билан сафар таассуротлари ва иккинчи даврага тайёргарлик хусусида гаплашдик.

- Вадим Карленович, Белоруссиядаги йиғин қандай ўтди? Олиб борилган ишлардан кўнглингиз тўлдими?
- Белоруссиядаги йиғин худди режалаштирганимиздек ўтди. Қолаверса, об-ҳаво иш жараёни учун жуда қулай келди. Ҳаво ҳарорати 18-20 даража иссиқни кўрсатди. Тайёргарликни замон талабларига жавоб берадиган спорт иншоотларида олиб бордик. Умуман олганда, ҳаммаси аъло даражада кечди. Бундай шароитда ишлар экансан, ҳатто чарчоқ сезилмайди.

- У ерда ўтказилган назорат ўйинлари ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Буни қарангки, биз Белоруссияга етиб борган пайтимизда чемпионлар лигаси ва Европа лигаси саралаш босқичида иштирок этмайдиган клублар бўш эди. Мана шундай жамоалардан айримларига қарши ўртоқлик ўйинларида майдонга тушдик.

- Демак, йиғиндан кўнглингиз тўлган, шундайми?
- Ҳа, албатта.

- Агар сир бўлмаса, қайси футболчилар билан шартномалар имзоланди?
- Ҳозирча аниқ бирор-бир футболчи билан расман шартнома имзолангани йўқ. Бироқ шу жараёнда иш олиб борилмоқда. Раҳбарият билан ҳаммасини маслаҳатлашиб олган ҳолда иш кўрамиз. Ҳозирча эса таркибимизда ўзгаришлар йўқ.

- Аммо хабарларда «Бунёдкор» таркибида бир қанча янги ўйинчилар кўрикдан ўтказилаётгани ҳақида маълумотлар берилди…
- Бундай маълумотлар ҳақиқатга унчалик яқин эмас. Тўғри, биз бир қанча футболчиларни кузатдик, бори шу холос. Ҳаммаси кейинчалик қандай бўлишини вақт кўрсатади.

- Иккинчи даврага тайёргарлик кўриш асносида Суперлига иштирокчиларидан фақат «Бунёдкор»гина хориж йиғинини ташкил эта олди. Нима деб ўйлайсиз, бу иккинчи давра ўйинларида ўз самарасини берадими?
- Сафардан кўзлаган асосий мақсадимиз бир қанча клублар билан спарринг-рақиб сифатида беллашиш ва имкониятимизни чамалаб чиқишдан иборат эди. Биласиз, жамоамизда ёш футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Уларга спарринг-рақиб сифатида халқаро мусобақаларда иштирок этадиган клублар билан куч синашиш орқали тажриба орттириш жуда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам Белоруссия йиғини ташкил қилинди.

- Вадим Карленович, Белоруссия футболи ҳақида нима деган бўлардингиз? У ернинг жамоалари олдингига нисбатан анча ўсишга эришган бўлса керак…
- Агар ўйинларни кузатиб бораётган бўлсангиз, Минскнинг «Динамо» клуби Чемпионлар лигаси саралаш босқичида иштирок этиб, «Леопая» билан куч синашди. Аммо клубнинг имкониятини бир ўйиндан хулоса чиқарган ҳолда чамалаш мушкул. Мени қувонтирган нарса шу бўлдики, жамоамиз Белорус клубларидан савия жиҳатидан асло ортда қолмайди.

- Биринчи даврада «Бунёдкор» асосан таркибдаги ёш футболчилар билан шундоқ ҳам яхши ўйин кўрсатди. Айни пайтда ихтиёримда ўзим клубда кўришни истайдиган барча футболчилар бор, дея оласизми?
- Бу гап билан нимага шаъма қилаётганингизни тушундим. Юқорида айтиб ўтганимдек, ўзимиз кўзлаган футболчилар борасида ҳали бир тўхтамга келганимиз йўқ. Ҳаммасини клуб мутасаддилари билан биргаликда муҳокама қиламиз ва шундан келиб чиққан ҳолда иш кўрамиз. Хабарим бор, кўпчилик орасида «Бунёдкор» Турсунов ва Гадоев каби футболчиларни таркибга қўшиб олишга яқин, деган гапларни айтмоқда. Лекин ҳозир номлари санаб ўтилган ижрочилар билан ҳеч қандай музокаралар олиб борилмади. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Қўл остингиздаги шогирдларингиз орасида мактабда ўқийдиганлар ҳам борлиги ҳақида гапиришади, шу тўғрими?
- Ҳа, 16 ёшли йигитнинг таркибимизда борлиги менимча янгилик эмас. Маълумки, бундай ёшда инсон ҳали мактабни тамомламаган бўлади.

- ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи учун ўтказилган қуръа натижалари ҳақида фикрингизни билмоқчиман. Қуръа терма жамоамизга чиндан ҳам кучсиз рақибларни тўғри қилдими?
- Назаримда, бундай саволни менга эмас, балки терма жамоадаги мураббийларга берсангиз мақсадга мувофиқ бўларди. Клуб мураббийи сифатида терма жамоанинг жаҳон чемпионати саралашидаги рақибларини муҳокама қилишим мушкул. Мендан фақат «Бунёдкор» ҳақида сўрасангиз, барча саволларингизга бажонидил жавоб қайтара оламан.

- Вадим Карленович, барибир сиз жуда тажрибали мураббийсиз. Қолаверса, Ўзбекистон терма жамоасини бошқаргансиз. Шунинг учун Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамиз ўйинида қандайдир ўзгаришларни кўраётган бўлсангиз керак? Аргентиналик мутахассис футболимизга ўзидан ниманидир қўша олдими?
- Албатта, қўша олди. У ўз фалсафасидан келиб чиққан ҳолда терма жамоа ўйинини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Терманинг ўйини ҳаммага ёқяптими ёки йўқми, бу энди бутунлай бошқа масала. Ҳар бир мураббийнинг ўз тамойиллари бўлади. Эктор Купер ҳам ўйинни қандай тасаввур қилишидан келиб чиққан ҳолда иш олиб боряпти. Барибир ҳамкасбимнинг терма жамоамизда олиб бораётган ишини муҳокама қилишим тўғри бўлмаса керак.

- Боя айтимдек, сиз анча тажрибали, кўпни кўрган мутахассиссиз. Айтинг-чи, охирги йилларда ўзбек футболи олдингига нисбатан анча ривожландими?
- Футбол шундай ўйинки, у бир зумда ўзгариб кетиши мумкин. Агар ишни тўғри йўлга қўя олсангиз, натижалар ўзини узоқ куттириб қўймайди. Агар режани хом тузган бўлсангиз, ҳаммаси бир зумда шамолга совурилиши тайин. Футболни охирги икки-уч йил ичида кескин даражада ўзгарди ёки ўсиш кузатилмади, дея хулоса чиқариш умуман тўғри эмас. Фақат енг шимариб ишлаш керак холос. Шунда кўзлаган мақсадга эришса бўлади.

- «Бунёдкор» чемпионат ва мамлакат Кубоги учун курашишда давом этмоқда. Аммо Лига Кубоги хусусида бундай дейиш мушкул. Сизнингча, Лига Кубоги клуб учун ортиқча мусобақа эдими?
- Ҳар қандай клуб иложи борича ўзи иштирок этадиган мубосақаларда узоқроққа бориш истайди. Жумладан, бундай истак «Бунёдкор»га ҳам бегона эмас. Лига Кубоги – жуда яхши турнир. Аммо шунчаки тақвимга унинг доирасидаги ўйинларни тўғри ва ҳамма учун қулай вақтга жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўларди. Ўйинларни жазирамада ўтказиш футболчиларни холдан тойдириб юборади. Шуни инобатга олиш керак. Агар Лига Кубоги доирасидаги учрашувларни Осиё Чемпионлар лигасида вакилларимиз курашга киришадиган сентябрь ойида ўтказилса, жуда қулай бўларди.

Биласиз, ОЧЛдаги дастлабки икки турдан сўнг ўртада танаффус юзага келади. Лига Кубогидаги баҳсларни шу оралиққа жойлаштириш яхши бўларди, назаримда. Шунда бу ҳолат ҳаммага ижобий таъсир ўтказади. Қолаверса, футболчиларнинг ўйин амалиёти ҳам шу пайтга келганда тобида бўлади. Шунингдек, Лига Кубоги доирасида ўйинларда қанча футболчини алмаштириш мумкинлиги борасида ҳам якуний тўхтамга келиш керак.

Масалан, бир учрашувда олти нафар футболчини алмаштиришни йўлга қўйиш керак. Дастлабки, уч алмаштириш танаффусгача, қолган учтаси танаффусдан сўнг. Шунда ҳам бу ишни танаффус чоғида амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки ўйинчиларни хадеб алмаштиравериш, учрашув суръатига акс таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

- Иккинчи даврада «Бунёдкор» таркибида легионерлар пайдо бўладими?
- Мени маъзур тутасиз, бундай савол раҳбариятга берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Легионер ўйинчиларни жамоага олиб келишнинг машаққати кўп бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда иш тутиш керак. Йиғин чоғида ўзимиз кузатган футболчилар билан жамоамизда ўйнаш истаги борлиги ҳақида сўрадик. Қолаверса, уларга «Бунёдкор»га келиб қўшилган тақдирда ҳам бошқалардан фарқ қиладиган даражада маош олмасликлари мумкинлигини айтдик.

- Суҳбатимиз якунида асосан ёш футболчилардан иборат «Бунёдкор»нинг қўл остингизда яхши ўйин кўрсатаётганини яна бир бор эътироф қилишни истаган бўлардим…
- Илиқ фикрларингиз учун раҳмат.

- Бундай ўйинчиларни учрашувларга руҳлантириш осон бўляптими?
- Албатта, жамоада иштиёқи баланд футболчилар жамланган. Бундай ўйинчилар билан ишлаш мураббийга куч бағишлайди. Чемпионатнинг биринчи даврасида уйда озроқ тўп суриб, кўпроқ сафарда ўйнадик. 13 ўйиндан 3 тасини уйда, 10 тасини сафарда ўтказдик. Энди иккинчи даврада бутунлай бунинг акси бўлади. Айни чоғда бутун диққат-эътиборимизни иккинчи даврани ғалаба билан бошлашга қаратганмиз. Албатта, аксар ўйинларни уйда ўтказишимизга тўғри келиши бизга устунлик бағишлайди. Аммо шу билан бирга футболчиларни беллашувларга тўғри тайёрлаш керак.

Акс ҳолда натижа салбий кўриниш олиши ҳеч гап эмас. Қолаверса, очколарни ҳозир эмас, балки ноябрда ҳисоблаб чиқамиз. Бунга қадар эса фақат беллашувларни иложи борича яхши натижа билан тугатишга ҳаракат қилиш керак холос. Энг муҳими жорий биринчиликдаги иштирокимиз кўнгилдагидек кечмоқда. Бундан кейин ҳам шу руҳда давом этмоқчимиз. Агар ўз устимизда ишлашни бас қилиб, уйдаги ўйинлар қўшимча куч беради дея хотиржамликка берилиб кетсак, мавсум охирига бориб уялиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Чунки футбол шундай ўйинки, эрта келган хотиржамликни кечирмайди.
Шуҳратбек Жўраев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Вадим Абрамов: "Иштиёқи баланд футболчилар билан ишлаш мураббийга куч бағишлайди"