Лионель Месси Аргентина терма жамоасидаги фаолияти давомида биринчи совринини қўлга киритди ва футбол жамоатчилиги аргентиналик юлдуз бу йилги "Олтин тўп" учун курашда фаворитга айлангани ҳақида гапира бошлади. Биз эса 34 ёшли Месси бу йил ўзининг еттинчи "Олтин тўп"ини олишга муносибми ёки йўқми деган саволга имкон қадар холисона баҳо беришга ҳаракат қиламиз.
"Олтин тўп" футболчилар орасида энг нуфузли индивидуал мукофотдир. Аммо биз ушбу мукофот ҳақиқатан ҳам энг зўрига берилади деб тахмин қилишимиз мумкинми? Албатта йўқ. Нима учун? Чунки "Олтин тўп" бутун дунё бўйлаб журналистларнинг овоз бериш натижаларига кўра берилади, яъни аслида бу фақат маълум бир гуруҳ вакилларининг субъектив фикридир.
Исталган футбол учрашувини олинг, масалан сўнгги Европа чемпионати финалини эсланг. Агар журналистларнинг ўйин ҳақидаги фикрларини ўқиган бўлсангиз, улар турлича, чунки ҳамма ўйинни ҳар-хил кўради. Худди шу нарса футболчиларнинг ўйинларига ҳам тегишли. Ҳар бир инсон қанчалик объектив бўлишга ҳаракат қилмасин, футболчиларни турлича баҳолайди. Бундан ташқари, ёқтириш каби оддий омиллар мавжуд.
Шунинг учун, объективликни унутинг. “Олтин тўп” бу овоз берадиганларнинг субъектив фикрларидан бошқа нарса эмас. Бу ерда "Мен рассомман, мен буни шундай тушунаман" тамойили жуда мос тушади. Бир пайтлар Уэсли Снейдер "Интер"нинг требли билан ажойиб мавсумни ўтказган ва жаҳон чемпионати финалига чиққан бўлса ҳам, овоз беришда кучли учликка ҳам кира олмаган эди. Нима учун бундай бўлди? Чунки ўша йилларда "Олтин тўп" France Football ҳамда ФИФАнинг қўшма мукофоти бўлган ва овоз беришда ОАВ вакилларидан ташқари, терма жамоалар сардорлари ҳамда мураббийлари иштирок этишган. Бундай овоз бериш жараёни билан холислик четда қолиши аниқ.
Яна бир муҳим жиҳат – “Олтин тўп”ни олиш мезонлари ноаниқ ишланган. Мукофот овоз бериш натижаларига кўра бир календар йилида энг яхши деб топилган футболчига берилади. Шундай экан унинг ўйинини қандай баҳолаш керак? Агар биз 2021 календар йили ҳақида гапирадиган бўлсак, унда 2020/2021 йилги мавсумнинг биринчи қисмидаги кўрсаткичларни инобатга олмаслигимиз керакми? Катта эҳтимол билан France Football дагиларнинг ўзлари ҳам бу саволга жавоб беришолмайди. Бир вақтлар ушбу нашр вакиллари “Олтин тўп” учун овоз беришда журналистлар нафақат футболчининг бир йилда эришган натижалари ва ютуқларини, балки умуман унинг хулқ-атвори ва фаолиятини ҳам баҳолайдилар, деган эди. Биз эса яна жараённинг субъективлигига келамиз. Бундай ноаниқ мезонларга биноан овоз берувчи журналист ўз ҳис-туйғулари ва дидига таяниши мумкин. Шу сабабли Лионель Мессидан кўра кўпроқ Криштиану Роналдуга симпатияси бўлган журналистни айблаш керак эмас.
Мезонларнинг ноаниқлиги ҳақида гапирар эканмиз, ўз-ўзидан яна бир савол туғилади. Энг муҳими нима? Голлар ва ассистлар сони ёки кубоклар? Бу ерда ҳам вазият тушунарсиз. Масалан, “Боруссия”да порлаётган ҳужумчи Эрлинг Холанднинг Норвегия терма жамоаси билан Европа ёки жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиш имконияти қандай? Холанд яна бир неча йил дортмундликлар сафида ўйнаса, у Бундеслига ва Чемпионлар лигасини ютиш учун қанча имкониятга эга? Айтайлик, Эрлинг Холанд бир мавсумда 70 та гол уради, аммо "Боруссия" Чемпионлар лигасини чорак финалдаёқ тарк этади ва Бундеслигада 2-ўринни эгаллайди, Роберт Левандовски эса 35 та гол уради, аммо "Бавария" Чемпионлар лигаси ва Бундеслигада ғолиб чиқади. Ким зўр? Балки Франция билан Жаҳон чемпионатини ютган, аммо клуб билан ҳеч нарсага эришмаган Килиан Мбаппе? Менда жавоб йўқ. Бундай вазиятда журналистлардан бири Холандга, иккинчиси Левандовскига, учинчиси Мбаппега овоз беради. Мана яна сизга субъективлик.
"Олтин тўп"га нисбатан анча хотиржамман. Агар мукофот Лионель Мессига топширилса, бу у албатта Криштиану Роналдудан кучли дегани эмас. Бу аслида дунёдаги аксарият журналистларнинг фикрларидан бошқа нарса эмас деб биламан. Қоидалар шунақа. Умуман олганда, футбол жамоатчилиги, мухлислар бу икки афсонавий футболчини таққослашдан узоқлашиши ва шунчаки уларнинг фаолиятидаги сўнгги йиллардан завқ олишга ҳаракат қилиши лозим.
Лионель Месси “Олтин тўп”ни олишига шубҳа қилмайман. Унинг терма жамоадаги биринчи соврини ва Америка кубогидаги ёрқин иштироки аксарият журналистлар учун муҳим фактор бўлиши шубҳасиз.
Шахсан мен Роберт Левандовскига овоз берган бўлардим. Ўтган мавсумда "Олтин тўп" совринининг бекор қилинишини польшалик футболчига нисбатан қилинган адолатсизликнинг энг юқори даражаси дейиш мумкин. У ўша мавсум голларни қалаштириб ташлади ва "Бавария"га барча совринларни ютишда қўлидан келганча ёрдам берди. Бу йил мюнхенликлар Чемпионлар лигасида муваффақиятсизликка учрашди, аммо Левандовски ҳали ҳам индивидуал даражада яхши ҳаракат қилиб келмоқда. Бу эса унга якунланган мавсум "Олтин бутса"ни ютиб олишга имкон берди. Роберт, албатта, "Олтин тўп"га лойиқ эди.
Бахтиёржон Тоштемиров
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
Трамп жамоаси расмийларга ёқмаган генералларни “тозалаш” учун фармон тайёрлади
Кўкрак бези саратони сабаблари, белгилари ҳамда уни даволаш