date

Сурат ва видеога олиш учун розилик: янги қонун лойиҳаси маъқулланди

Сурат ва видеога олиш учун розилик: янги қонун лойиҳаси маъқулланди

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида инсон тасвирини суратга олиш ва ундан фойдаланишга оид муҳим ўзгаришлар кўриб чиқилиб, лойиҳа қабул қилинди. Энди кимнингдир суратини ёки видеосини олиш, шунингдек, уни тарқатиш учун албатта розилик олиш талаби жорий этилади.

Янгиликнинг яна бир муҳим жиҳати — болаларнинг тасвир ҳуқуқи алоҳида муҳофазага олинади: бола ҳам ўз тасвири бўйича мустақил ҳуқуқ субъекти сифатида эътироф этилди. Шу билан бирга, 16 ёшга тўлмаганлар тасвирига оид розиликни уларнинг ота-онаси ёки қонуний вакили бериши шарт бўлади.

Лойиҳа иккинчи ўқишга тайёрланар экан, нормаларни бир маъноли татбиқ этиш учун кўплаб тушунтирувчи ўзгаришлар киритилди. Ҳужжатда қайси ҳолатларда шахс розилигисиз суратга олиш ва тасвирдан фойдаланиш мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилган — яъни турли талқинларга ўрин қолмаслиги кўзда тутилган.

Видеокузатувга ҳам қатъий тартиб: жамоат жойларига камера ўрнатилса, бу ҳақда кўзга ташланадиган, осон англашиладиган огоҳлантирув белгиси жойлаштирилиши мажбурий бўлади. Камера ўрнатиш тақиқланган ҳудудлар ҳам белгиланди — масалан, кийим алмаштириш хоналари ва ҳожатхоналар каби шахсий ҳаёт дахлсизлиги юқори бўлган жойлар.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди ва Сенатга юборилди. Ҳужжат кучга киргандан сўнг, сурат ва видео билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар янада тартибга солиниб, фуқароларнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш механизми мустаҳкамланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Сурат ва видеога олиш учун розилик: янги қонун лойиҳаси маъқулланди