date

Муроджон Аҳмадалиев Тошкентда: жанг ҳақидаги очиқ фикрлари..

Муроджон Аҳмадалиев Тошкентда: жанг ҳақидаги очиқ фикрлари..

Ўзбекистоннинг таниқли профессионал боксчиси Муроджон Аҳмадалиев япониялик мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэга қарши ўтган жангдан сўнг Ватанга қайтди. Тошкент халқаро аэропортида уни кенг жамоатчилик, мухлислар ва спорт аҳли тантанали тарзда кутиб олди.

Аҳмадалиев кутиб олиш маросимида сўзга чиқиб, ортда қолган жанг бўйича ўз шахсий мулоҳазаларини ҳам баҳам кўрди.

— Биламан, кўпчилик жангимдан рози бўлмади. Чунки мен ҳам рингда ўзим истагандек ҳаракат қила олмадим. Мендан олдинги жанг тўрт раундда якунлангани учун бизга аслида белгиланган 36 дақиқа эмас, тахминан 15-20 дақиқа вақт ажратилди. Шу боис чигалёзди ва қизиб олиш машқларини тўлиқ амалга оширишга улгурмадим. Пулсимни кўтаришга вақт етмади, шунинг учун жангда тўлақонли ўз имкониятимни кўрсата олмадим, — деди боксчи.

Шу билан бирга, Муроджон тайёргарлик жараёни яхши ўтганини таъкидлади:

— Бу сафар жангга пухта тайёргарлик кўргандим, ўзимни яхши ҳис қилдим. Ҳатто вазн ташлаш жараёни ҳам муаммосиз ўтди. Ҳаммаси режага кўра борди, лекин омиллар барибир вақт билан боғлиқ бўлиб қолди.

Аҳмадалиевнинг айтишича, у бутун ўзбек халқидек ғалабага ишонган ва уни жуда хоҳлаган:

— Қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Лекин ғалаба ҳам, мағлубият ҳам Аллоҳдан. ИншаАллоҳ, кучлироқ бўлиб яна қайтамиз, — дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, жанг 12 раунд давом этди ва ҳакамлар якдил қарор билан Наоя Иноуэни ғолиб деб топишди. Шу тариқа, Муроджон Аҳмадалиев профессионал фаолиятидаги иккинчи мағлубиятини қабул қилишга тўғри келди.

Шу билан бирга, унинг қайсарлик ва руҳий барқарорлиги мухлислар учун катта умид уйғотди. Боксчи янги ғалабалар йўлида янада кучли қайтишига ишонч билдирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Муроджон Аҳмадалиев Тошкентда: жанг ҳақидаги очиқ фикрлари..