date

Путин ҳужум секинлашганини тан олди: рақамлар нимани айтади?

Путин ҳужум секинлашганини тан олди: рақамлар нимани айтади?

Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши фронтда рус қўшинларининг олға сурилиши секинлашгани ҳақидаги хабарларни амалда тасдиқлади. Кремл раҳбари Мудофаа вазирлиги ва Бош штаб раҳбарияти билан учрашувда 2025 йил бошидан буён «деярли 5 минг квадрат километр» – аниқроғи 4 900 км² ҳудуд ва 212 та аҳоли пункти назоратга олинганини маълум қилди. Бу баёнот рус армияси ҳаракат суръати илгаригидан пастлагани ҳақидаги тахминларни янада кучайтирди.

Шу билан бирга, украиналик таҳлилчиларнинг Deep State OSINT-лойиҳаси ҳам сўнгги ойлардаги ҳудудий ўзгаришларни қайд этар экан, уларни уруш давомидаги умумий манзарага нисбатан «минимал» деб баҳолади. Лойиҳа ҳисоб-китобига кўра, 2022 йил 12 ноябрдан 2025 йил 17 августгача рус қўшинлари жами 5 842 км² ҳудудни қўшимча эгаллаган — бу Украина майдонининг тахминан 0,97 фоизига тўғри келади.

Путин тилга олган 4 900 км² кўлами рақамларда салмоқли кўринса-да, уни қиёс қиладиган бўлсак, Донецк (26 517 км²) ва Луганск (27 183 км²) вилоятлари майдонидан бир неча баробар кичик. Шунинг устига, ОАВ хабарига кўра, август ойида Кремл Киевдан Украина Қуролли кучларини назоратдаги Донбасс ҳудудидан чиқаришни тинчлик музокаралари учун шарт сифатида қўйган эди.

Донецк вилоятининг ўзида 2025 йил август ойи охирида Украина армияси ҳудуднинг тахминан 30 фоизини — салкам 8 минг км²ни сақлаб турган. Демак, биргина шу вилоят бўйича ҳам Москва «жангсиз қайтариш»ни талаб қилаётган майдон, Путин санаган йил бошидан буёнги рус армияси ютуғидан кўпроқ экани кўриниб турибди.

Хулоса ўрнида: Кремл фронтдаги реал вазиятни рақамлар орқали тан оляпти, Киев томони эса ушбу рақамларни урушнинг умумий траекториясида катта бурилиш сифатида кўрмаяпти. Шартли «катта ҳудудий талаблар» эса музокаралар саҳнасида сиёсий босим воситаси сифатида намоён бўлмоқда. Музокаралар давом этиши кутилган бир пайтда, ҳар икки томоннинг рақамлари ва риторикаси қўлдан бермасликка қаратилганини англаш қийин эмас.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин ҳужум секинлашганини тан олди: рақамлар нимани айтади?