date

Mercedes-Benz сотувлари нима сабабдан кескин пасайди?

Mercedes-Benz сотувлари нима сабабдан кескин пасайди?

2025 йилнинг учинчи чорагида дунёдаги йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Mercedes-Benz компанияси савдо ҳажмида сезиларли пасайиш кузатилди. Reuters агентлиги маълумотига кўра, компаниянинг глобал сотув кўрсаткичлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга камайган.

Компания маълумотида таъкидланишича, Европада, Жанубий Америкада ва Форс кўрфази минтақасида сотувлар барқарор бўлганига қарамай, асосий тушиш Хитой бозорида қайд этилган. Mercedes-Benz директорлар кенгаши аъзоси Маттиас Гайзеннинг сўзларига кўра, "учинчи чоракдаги натижаларга асосан, айни пайтдаги бозор шароитлари Хитойдаги фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатди".

Маълумотларга кўра, дунёнинг энг катта автомобиль бозорлари — АҚШ ва Хитойдаги сотув ҳажми мос равишда 17 ва 27 фоизга пасайган. Бу ҳолат Mercedes-Benz учун сўнгги йиллардаги энг йирик қийинчиликлардан бири бўлди.

Экспертлар таъкидлашича, компания бошқа немис ишлаб чиқарувчилари каби АҚШ президенти Дональд Трамп ҳукумати томонидан жорий этилган янги тарифлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кучайган рақобати билан тўқнаш келган.

Шунингдек, Mercedes-Benz 2025 йил учун илгари белгиланган ишлаш прогнозини ҳам қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди. Бу қарорга асосий сабаб сифатида глобал бозордаги беқарорлик, айниқса Хитойдаги талабнинг пасайиши кўрсатилган.

Шу билан бирга, компания Европа ва Яқин Шарқдаги сотув кўрсаткичларини барқарор ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда. Аммо иқтисодий беқарорлик ва геосиёсий омиллар автомобиль саноатига босимни давом эттирмоқда.

Мутахассислар фикрича, Mercedes-Benz учун энг муҳим вазифа — электр автомобиллар бозоридаги рақобатни кучайтириш ва янги моделлар орқали ишончни қайта тиклаш бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Mercedes-Benz сотувлари нима сабабдан кескин пасайди?