Англияда ўтган жаҳон чемпионати-2025да юртимиз боксчилари юқори натижалар қайд этиб, совриндорлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашди. Энди эса уларнинг мукофот пули миқдори ҳам маълум бўлди.
Чемпионатда олтин медалга эришган спортчиларга 15 минг АҚШ долларидан мукофот пуллари топширилади. Кумуш медали соҳиблари 7 минг доллардан рағбатлантирилса, бронза эгаларига 3 минг 750 доллардан пул мукофоти берилади. Шунингдек, олтин медал соҳибларини тайёрлаган мураббийлар ҳам 7 минг доллардан мукофотланишади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси умумжамоавий ҳисобда 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали билан жами 11 та медалга эга чиқиб, турнирда энг кўп медал тўплаган мамлакат сифатида тарихга кирди.
Биринчи олтин медални Фазлиддин Эркинбоев қўлга киритган бўлса, унинг изидан Асадхўжа Мўйдинхўжаев иккинчи олтинни ютиб берди. Жавоҳир Умматалиев учинчи, Тўрабек Ҳабибуллаев тўртинчи, Абдумалик Халоков бешинчи, Акмалжон Исроилов эса олтинчи олтин медални Ўзбекистон ҳисобига ёзди.
Шунингдек, аёллар ўртасидаги баҳсларда 3 та бронза медали билан бирга, Навбаҳор Ҳамидова кумуш медалга эга чиқди. Яна бир кумуш Жаҳонгир Зокиров ҳисобига ёзилди.
Ўзбекистонлик боксчиларнинг медаллари:
Олтин медал соҳиблари:
-75 кг: Фазлиддин Эркинбоев
-65 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев
-80 кг: Жавоҳир Умматалиев
-90 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев
-60 кг: Абдумалик Халоков
-85 кг: Акмалжон Исроилов
Кумуш медал соҳиблари:
-65 кг: Навбаҳор Ҳамидова
+90 кг: Жаҳонгир Зокиров
Бронза медал соҳиблари:
-48 кг: Сабина Бобоқулова
-51 кг: Феруза Казакова
-70 кг: Азиза Зокирова
Шундай қилиб, ўзбек боксчилари нафақат майдонда, балки молиявий жиҳатдан ҳам муносиб рағбатга эга бўлишди. Бу эса спортчиларимизга янада катта куч-қувват бағишлайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!