18:35 / 07.05.2017
5 568

Маттиас Рёсслер: “Ўзбекистонда самимий эътибор ва ғамхўрлик ардоғида бўлдим”

Маттиас Рёсслер: “Ўзбекистонда самимий эътибор ва ғамхўрлик ардоғида бўлдим”
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига Саксония федераль ери (ГФР) парламенти раиси, доктор Маттиас Рёсслердан мактуб келди, деб ёзади Kun.uz нашри. У сиёсий масалалар, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича эксперт сифатида мамлакатимизга бир неча маротаба ташриф буюрган.

Ўзбекистон — Германия ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш учун юртимизга навбатдаги ташрифи доирасида, аниқроқ айтадиган бўлсак, Шаҳрисабз шаҳрида Наврўз айёмини нишонлаш тадбирларида сиёсатчининг тоби қочиб қолади. Қашқадарё вилояти тиббиёт соҳаси вакиллари беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатишди. Маттиас Рёсслернинг ёзишича, у “Шаҳрисабздан Самарқандгача, Самарқанд орқали Тошкентгача бўлган йўлда самимий эътибор ва ғамхўрлик оғушида” бўлган. Меҳмон Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ўз соғлиғини тиклади. Сиёсатчи ушбу марказдаги “Нафақат юқори сифатли даволаш амалиётларини, балки бутун тиббиёт ходимларининг ўз ишига масъулият билан ёндашгани ҳамда чин юракдан ёрдам беришгани”ни эътироф этган.

Мамлакатимиз шифокорлари юксак касб маҳоратини, ҳар қандай мураккаб вазиятни ҳал қила олиш қобилиятини жуда кўп маротаба намойиш этишган. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда ўтган давр мобайнида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳани янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, тиббий хизматга илғор технологиялар ва усулларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Президентимиз жорий йил бошидан буён соғлиқни сақлаш соҳасининг етакчи мутахассислари билан қатор учрашувлар ўтказиб, тизимни ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолишини қайд этди.

Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга ошириш доирасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, замонавий сифатли тиббиёт хизматларидан тўлақонли фойдаланиш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланган. Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш, онкология хизматини ривожлантириш, аҳолига биринчи тиббий ёрдам кўрсатишни тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида қарорлар қабул қилинди ҳамда уларнинг ижроси изчил рўёбга чиқарилаётир.

Ҳозирги кунда кардиология, жарроҳлик, кўз микрохирургияси, урология, терапия ва тиббий реабилитация, эндокринология, пульмонология, акушерлик ва гинекология, дерматология ҳамда венерология, педиатрия ва бошқа йўналишлардаги махсус илмий-амалий тиббиёт марказларида аҳолига юқори сифатли хизмат кўрсатилаяпти.

М. Рёсслер ўзининг миннатдорлик мактубида шунга ишонч билдирганки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан дастуриламал ҳужжат — Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари мамлакат тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Немис сиёсатчиси мамлакатда туризмни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг буюк маданий меросини асраб-авайлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам юксак баҳо берди. “Ўзбекистон Марказий Осиёда бутун минтақага, вазиятга таъсир кўрсатадиган муҳим давлат ҳисобланади”, деди у.

М. Рёсслер мактуб хотимасида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходимларига, ЎзЭОАВМА раҳбариятига, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари ҳокимиятларига, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига кўрсатилган ёрдам, самимий ғамхўрлик ҳамда юқори малакали тиббий хизмат учун миннатдорлик билдирган. У ўзи учун қийин бир шароитда кўрсатилган ёрдам мамлакатга нисбатан илиқ таассуротларни, миннатдорлик туйғусини уйғотишини қайд этган.

“Ҳурматли жаноб Президент, — деб ёзади сиёсатчи. — Сиз орқали мураккаб вазиятда менга ёрдам берган барчага ўз миннатдорлигимни билдиришга ижозат бергайсиз”. М. Рёсслер улкан муваффақият ва зафарлар тилаб, икки мамлакат ўртасида дўстона алоқаларни янада кенгайтириш учун барча саъй-ҳаракатини йўналтиришини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Маттиас Рёсслер: “Ўзбекистонда самимий эътибор ва ғамхўрлик ардоғида бўлдим”