17:21 / 24.09.2017
5 870

СамДУда Шароф Рашидовга ёдгорлик ўрнатилди

СамДУда Шароф Рашидовга ёдгорлик ўрнатилди
Атоқли давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов 1937–1941 йилларда Самарқандда Ўзбек давлат университети (ҳозирги Самарқанд давлат университети)нинг филология факультетида таҳсил олган. Талабалигидаёқ университет ҳаётида фаол иштирок этган Шароф Рашидов филология факультети қошидаги адабий тўгаракнинг истеъдодли аъзоларидан бири бўлган.

Шароф Рашидов кейинчалик вилоят, республика идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган пайтларида ҳам қадрдон университетига тез-тез келиб турган. Устозлари, дўстларини йўқлаган, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатган.

Самарқанд давлат университетида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда халқимизнинг севимли фарзанди ана шундай хотиралар билан ёдга олинди. Тадбир аввалида университетнинг Шароф Рашидов таҳсил олган бош биноси пештоқига ўрнатилган ёдгорлик лавҳаси очилди, деб хабар беради Самарқанд вилоят ҳокимлиги расмий сайти.

Вилоят жамоатчилиги вакиллари, пойтахтимиз ва Жиззах вилоятидан келган меҳмонлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этган тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига кўра юртимизда ушбу сана муносабати билан кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани таъкидланди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Умаров, Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов, профессорлар М.Жўрақулов, Ҳ.Умуров, «Жиззах овози» газетаси бош муҳаррири А.Иномов ва бошқалар Шароф Рашидовнинг ибратли ҳаёт йўли ва серқирра ижоди, Самарқандга меҳри туфайли бу ерда амалга оширган бунёдкорлик ишлари, университет билан алоқаси ҳақида сўз юритди.

— Самарқандда Шароф Рашидов бормаган, бу инсоннинг эътибори билан обод этилмаган маҳалла, қишлоқ йўқ, десак, муболаға бўлмайди, — дейди «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳ.Нормуродов. — Айниқса, у киши олис қишлоқларда аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, одамларнинг оғирини енгил қилишга алоҳида эътибор қаратган. Вилоятимиздаги кўплаб чекка қишлоқларда у кишининг ташаббуси билан замонавий тураржойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари бунёд этилган.

Тадбирда Шароф Рашидовнинг қизи, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги полимерлар кимёси ва физикаси институти директори, академик Сайёра Рашидова халқимизнинг асл фарзанди хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг бошида турган Президентимизга миннатдорчилик билдирди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » СамДУда Шароф Рашидовга ёдгорлик ўрнатилди