“Давлат мукофотлари тўғрисида”ги янги қонун маъқулланди: Нималар ўзгаради?

  • Ўзбекистон
  • 29-03-2018, 16:43
  • 925
  • “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги янги қонун маъқулланди: Нималар ўзгаради?
    Олий Мажлис Сенатининг айни пайтда ўз ишини давом эттираётган ўн тўртинчи ялпи мажлисида сенаторлар янги таҳрирдаги “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Бу тўғрида ЎзА хабар берди.

    Жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган шахсларни ҳар томонлама рағбантлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида “Давлат мукофотлари тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини жорий қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган.

    Шу асосда 50 дан ортиқ давлат мукофоти, жумладан “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, 34 фахрий унвон, 10 дан ортиқ орден ва медаль ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи таъсис этилган.

    Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил июль ойидаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссияси ташкил этилди. Мазкур Комиссия доимий ишлайдиган маслаҳат ва кенгаш органи бўлиб, Президентнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва фахрий унвонларни бериш масалаларини ҳал этиш бўйича конституциявий ваколатлари амалга оширилишини таъминлайди. Геральдика соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

    Янги таҳрирдаги қонун билан мазкур комиссиянинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланмоқда.

    Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, унда хорижий тажриба ҳамда амалиётда Ўзбекистон фуқароларининг чет эл мукофотлари билан тақдирланиш ҳоллари мавжудлиги инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон фуқаролар чет эл давлат мукофотлари билан тақдирланиши мумкинлиги акс этди.

    Президентга давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир тақдимнома киритиши мумкин бўлган субъектлар доираси кенгайтирилди. Эндиликда Судьялар олий кенгаши, Марказий банк, Давлат хавфсизлик хизмати, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси раислари, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари республика органларининг раҳбарлари ҳам давлат мукофотларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

    Фуқаролиги бўлмаган шахсларни давлат мукофоти билан тақдирлашга доир тақдимнома киритиш тартиби чет эл фуқароларига нисбатан қўлланиладиган тартиб билан бир хил тарзда амалга оширилиши белгиланмоқда.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш ташаббуси билан мустақил равишда чиқиш ҳуқуқи қонунда ўз ифодасини топди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентини давлат мукофотлари билан тақдирлаш парламент палаталари ташаббуси билан амалга оширилиши белгиланди.

    Давлат мукофотларини топшириши мумкин бўлган субъектлар доираси давлат мукофотларига тақдим этиши мумкин бўлган субъектлар доирасига мос равишда кенгаймоқда.

    Давлат мукофотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик масаласи ҳам такомиллаштирилган.

    » » “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги янги қонун маъқулланди: Нималар ўзгаради?
    Яндекс.Метрика