
Ўзбекистон меҳнат бозори Марказий Осиёда энг яхши натижалардан бирини кўрсатди. Сўнгги уч йил ичида мамлакатда 723 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, ишсизлик даражаси 4,1 фоиз пунктга пасайди.
Иш ҳақлари эса доллар ҳисобида 39 фоизга ошди. Аммо «Эксперт РА» агентлиги маълумотларига кўра, иқтисодиёт ҳали ҳам меҳнатга лаёқатли аҳоли ўсишини тўлиқ қамраб ололмаяпти, шунингдек, мигрантлар жўнатмаларига юқори даражада боғлиқлик сақланиб қолмоқда.
2022–2024 йиллар давомида янги иш ўринларининг асосий қисми хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келди. Хусусан, «бошқа хизматлар» йўналишида 900 минга яқин ишчи, таълим соҳасида 100 минг, соғлиқни сақлашда эса 44 минг ишчи ўрни яратилди.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги, саноат ва транспорт-логистика соҳаларида 300 мингдан ортиқ иш ўрни қисқарди. «Ўзбекистон иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига асосланган тузилмасидан хизматларга йўналтирилган тизимга ўтмоқда.
Аммо бу жараён ҳали ҳам бандликни расмийлаштиришнинг кенг қамровли ўсиши билан бирга эмас», — дейилади агентлик тадқиқотида. Доллар ҳисобида ўртача ойлик иш ҳақи 39 фоизга ошди.
Молиявий соҳада энг юқори даромадлар қайд этилган — ўртача 1265 АҚШ доллари, IT ва алоқа соҳасида эса 1151 доллар. Ўсиш суръатлари бўйича кўчмас мулк операциялари (йилига +19,2%), IT (+18,3%) ва транспорт-логистика соҳалари (+13,5%) етакчилик қилмоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиёда ишсизлик даражасини энг катта миқдорда пасайтирган мамлакат бўлди — уч йил ичида 4,1 фоиз пунктга камайди. Аммо демографик ўсишни ишчи кучи ўсишига айлантириш коэффициенти атиги 0,14 ни ташкил этди.
Ҳар 10 нафар янги меҳнатга лаёқатли фуқаронинг фақат бири расмий иш топмоқда. Эркаклар ва аёллар иқтисодий фаоллиги ўртасидаги тафовут 33,9 фоиз пунктни ташкил этиб, бу минтақадаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
2024 йилда мигрантлар томонидан юбориладиган пул ўтказмалари Ўзбекистон ЯИМининг 14,4 фоизини ташкил этди, шундан 77 фоизи Россиядан келади. Икки йил ичида ушбу ўтказмалар ҳажми 68 фоизга ошган бўлса-да, Россия иқтисодиётидаги секинлашув ва миграция қонунчилигидаги ўзгаришлар бу даромадлар камайиш хавфини юзага келтирмоқда.
Ҳукумат меҳнат бозорини расмийлаштириш ва янги имкониятлар яратиш бўйича кенг кўламли чораларни амалга оширмоқда. Аммо меҳнат бозори кўрсаткичлари яхшиланётганига қарамай, таркибий муаммолар сақланиб қолмоқда.
Бандлик ўсиши демографик ўсишдан ортда қолмоқда, норасмий ишлаш улуши юқори бўлиб қолмоқда, иқтисодиёт эса ташқи ишчи кучи бозорига қарамлигини сақламоқда. «Ўзбекистон учун асосий муаммо — демографик дивидендни ички ўсиш манбаига айлантиришдир.
Бу нафақат иш ўринлари, балки юқори қўшилган қийматга эга иш ўринларини яратишни талаб қилади», — дейилади «Эксперт РА» ҳисоботида.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.