
2025 йилда Ўзбекистонда авиачипта излаш ва брон қилиш фаоллиги ўтган йилга нисбатан 21% га кўпайди. Aviasales.uz авиабозор бўйича йил якунлари таҳлили асосида шундай маълумот берди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Энг катта ўсиш ички йўналишларда кузатилди: мамлакат ичидаги парвозларга қизиқиш қарийб 33% га ошган. Халқаро йўналишлар ҳам ижобий динамикани кўрсатиб, 18% га ўсди. Натижада халқаро бронлар улуши жами буюртмаларнинг 62% ига етди.
Хорижга сафарлар таркибида Россия йўналишининг улуши камайди: 34% дан 29% гача тушган. Айни пайтда Осиё ва Кавказ бўйича қизиқиш кескин кучайди. Энг катта сакраш Хитойда қайд этилиб, у ерга оид қидирувлар сони икки баравардан кўпроққа ошган. Жанубий Корея, Озарбайжон, Қирғизистон ва Грузия йўналишларида ҳам ўсиш бор.
Хорижга учиш чипталарининг ўртача нархи тахминан 5% га арзонлашди. Шунингдек, сайёҳатчилар парвозларни олдингидан яқинроқ муддатда брон қила бошлади — ўртача ҳисобда учишдан 10 кун олдин.
Ички парвозларга тўғри келган талаб улуши қарийб 20% ни ташкил этди. Тошкент йўналиши бўйича қизиқиш барқарор қолган, Самарқанд ва Бухорога чипталарга талаб бироз пасайган. Бироқ Урганч ва Нукусга парвозлар оммалашган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ичидаги авиачипта нархлари ўртача 12% га кўтарилиб, тўғридан-тўғри рейс учун 1,096 млн сўмга етди. Aviasales.uz фойдаланувчилари йил давомида парвозларда 70 млн соатдан ортиқ вақт ўтказиб, деярли 750 млн км масофани босиб ўтган.
Авиакомпаниялар рейтингида Uzbekistan Airways етакчилигини сақлаб қолди — бозор улуши 45%. Кейинги ўринларда Centrum Air, Ural Airlines, Qanot Sharq ва Aeroflot қайд этилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.