
Uzbekistan Airways авиакомпанияси Хитойнинг CALC лизинг компанияси билан тўртта янги Airbus A321neo самолётини етказиб бериш бўйича келишувга эришди. Томонлар ўзаро англашув хатларини имзолашди ва самолётлар 2027–2028 йилларда етказилиши кутилмоқда.
Ушбу аэробуслар икки синфга мўлжалланган жойлашувга ва янги авлод Airspace Premium қулай салонига эга бўлади. Уларнинг бортида замонавий кўнгилочар тизим ва юқори тезликдаги Wi-Fi мавжуд бўлади.
CALC билан ҳамкорлик бир неча йиллардан буён давом этмоқда ва ушбу янги келишув Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг 2026–2028 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли флотини янгилаш дастурининг бир қисми ҳисобланади. Режага кўра, ўзбек авиакомпанияси CALC’дан жами олти дона A321neo самолётини қабул қилади.
Бу билан ушбу моделдаги самолётлар сони авиакомпания флоти таркибида 15 тага етади. Uzbekistan Airways бошқарув раиси Шухрат Худойқулов авиакомпания ҳаво флотини изчил янгилаётганини, янги технологияларни жорий этаётганини ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаётганини қайд этди.
У A321neo самолётлари тежамкорлик, илғор техник ечимлар ва йўловчилар учун қулайликни ўзида мужассам этганини таъкидлади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.