Ўзбекистон бўйича метан заправкаларга 8 январдан вақтинчалик чеклов жорий этилди

Ўзбекистонда метан “заправка”лар фаолиятига вақтинчалик чеклов жорий этилади. Бунга сабаб — магистрал газ қувурларида босим пасайиши кузатилаётгани, шунинг учун табиий газ таъминотини барқарорлаштириш бўйича бир қатор зарур чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Шу муносабат билан маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган режа-графикларга асосан метан “заправка”лар фаолиятига вақтинча чеклов киритилмоқда.
Энергетика вазирлиги берган ахборотга кўра, 8 январдан бошлаб республика бўйича метан “заправка”лар соат 10:00 дан 16:00 га қадар фаолият юритади. Фарғона водийсида эса метан “заправка”ларнинг иш вақти газ босими ҳолатидан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда белгиланади.
Шунингдек, вазирлик таъкидлаганидек, газ босими пасайган даврларда аҳоли, жамоат транспорти ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга объектларни табиий газ билан таъминлаш биринчи ўринга қўйилади. Жамоат транспортининг барқарор ишлаши, ижтимоий соҳа муассасалари ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш устувор ҳисобланади.
Шу сабабли газ таъминотидаги умумий ҳолат, босим даражаси ва истеъмол ҳажмидан келиб чиқиб, метан “заправка”ларнинг иш режими маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда белгилаб борилади. Ушбу чоралар газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда барқарор таъминотни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётгани қайд этилди.
Маълум қилинишича, мазкур чекловлар вақтинчалик бўлиб, ҳозирда газ босимини меъёрга келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!