Рақобат қўмитаси пропан нархи ошишига изоҳ берди

Рақобат қўмитаси Ўзбекистон ички бозорида суюлтирилган газ нархи кўтарилгани юзасидан муносабат билдирди. Идора нархларнинг ошишини маҳаллий газ улуши камайиб, нисбатан қиммат импорт газга талаб ортгани билан изоҳлади. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Қўмита маълумотига кўра, 2025 йилда биржада 358 минг тонна газ сотилган. Шундан 61 фоизи (219 минг тонна) маҳаллий маҳсулот, 39 фоизи эса импорт маҳсулот ҳиссасига тўғри келган.
Йил бошида маҳаллий газ улуши қарийб 80 фоиз бўлган бўлса, августдан бошлаб пасайиш кузатилган: декабрга келиб бу кўрсаткич 35 фоизгача тушган, 2026 йил январда эса 10 фоизни ташкил этган. Асосий сабаб сифатида маҳаллий газнинг асосан аҳоли ва ижтимоий объектлар эҳтиёжига йўналтирилгани қайд этилди.
Маҳаллий газ нархи деярли ўзгармагани, шунингдек харид бўйича чеклов (бир сессияда 5 тоннадан ортиқ эмас) ҳисобига унинг бир тоннаси 7 млн сўмдан юқорига чиқмагани билдирилди. Импорт газ эса биржада 8 млн сўмгача нархда сотилган.
Ҳозир импорт газга талаб ортаётгани сабабли, биржадаги ўртача нарх асосан импорт етказиб беришлар асосида шаклланмоқда. Бугун суюлтирилган газнинг бир тоннаси ўртача 9,5 млн сўмдан сотилмоқда — бу декабрга нисбатан қарийб 20 фоизга юқори.
Қўмита ички бозорда нархларни барқарорлаштириш бўйича чоралар кўрилаётганини, ёқилғи қуйиш шохобчаларида нархлар доимий мониторинг қилинаётганини маълум қилди. Шунингдек, мамлакатда автомобилларнинг 11 фоизи суюлтирилган газдан фойдаланиши, бироқ у автомобил ёқилғиси умумий ҳажмида атиги 5 фоиз улушга эга экани қайд этилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!