Энергетика вазирлиги метан заправкалари ишига вақтинчалик чеклов киритди

8-январдан Ўзбекистонда метан ёқилғиси қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чеклов жорий этилади. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, АЁҚШлар соат 10:00 дан 16:00 гача ишлайди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Чекловлар магистрал газ қувурларида босим пасайгани билан изоҳланди. Вазирлик ҳозирги вазиятда аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан барқарор таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Шу сабабли маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган графиклар асосида метан заправкалари иш вақти вақтинча қайта кўриб чиқилмоқда. Фарғона водийсида эса шохобчалар режими газнинг амалдаги босимига қараб, маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда алоҳида белгиланади.
Энергетика вазирлиги босим пасайган даврларда, аввало, турар жойлар, жамоат транспорти ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни узлуксиз газ билан таъминлашга эътибор қаратилишини билдирди. Жамоат транспортнинг барқарор ишлаши ва аҳолининг асосий эҳтиёжларини қондириш устувор йўналиш бўлиб қолади.
Метан заправкалари иш тартиби газ таъминоти бўйича умумий ҳолат, босим даражаси ва истеъмол ҳажмларидан келиб чиқиб қайта кўриб борилади. Бу чоралар газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда энергия таъминотининг барқарорлигини сақлашга қаратилган.
Вазирлик чекловлар вақтинчалигини, ҳозирда тизимдаги газ босимини меъёрлаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганини қўшимча қилди. Эслатиб ўтамиз, 25-декабр куни метан заправкалари олдидаги навбатлар сабаб Тошкентда айрим автобуслар йўналишдан чиқиб кетганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!