
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташриф буюриб, атом электр станцияси қурилиши билан танишди. Қурилиш майдонида аллақачон қуввати кичик бўлган икки реактор ва йирик икки реактор учун котлован қазиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, қурилиш базаси ташкил этилиб, ишчилар учун вақтинчалик яшаш шаҳарчаси барпо этилмоқда. Шу билан бирга, мамлакат ичида АЭС учун зарурий материалларни етказиб бериш ва мутахассисларни тайёрлаш ишлари ҳам давом эттирилмоқда.
Келгусида АЭС ходимлари учун 10 минг аҳолига мўлжалланган алоҳида моношаҳар қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Президент янги йўл ўтказгич ва тўрт километрлик йўлни фойдаланишга топширди.
Энди Жиззахга йўл 25 километрдан 4 километрга қисқарди. Янги йўлдан кунига 14 мингдан ортиқ автомобил ҳаракатланиши мумкин, бу эса транспорт оқимини енгиллаштиради.
Замонавий технологиялар асосида қурилган йўл ўтказгичнинг хизмат муддати 100 йил деб белгиланган ва у транспорт воситаларининг поездлар ҳаракати пайтида ҳам тўхтовсиз юришини таъминлайди. Президентга шунингдек, шаҳарнинг янгиланиш лойиҳалари ҳам тақдим этилди: эски турар жой фондини реконструкция қилиш, янги уйлар қуриш, IT-марказ, ҳунармандчилик маркази ташкил этиш ва марказий кўчаларни ободонлаштириш режалари билан таништирилди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.