10:52 / 05.11.2018
2 462

Президент топшириғи: Туризм ривожига янгича импульс берилади

Президент топшириғи: Туризм ривожига янгича импульс берилади
2018 йилнинг илк тўққиз ойида хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга ташриф буюраётганлар фуқаролар сони 3,9 миллион нафарга ошди, ўтган йилнинг худди шу даврида эса бу кўрсаткич 1,9 миллион нафарни қайд этган. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг мавжуд салоҳиятини инобатга олган ҳолда, бу кўрсаткичларни янада яхшилашга киришилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 ноябрь куни "Туризм соҳасини жадал ривожлантириш масалаларини ўрганиш бўйича гуруҳ тузиш тўғрисида"ги топшириғида соҳани ривожлантиришдаги асосий йўналишлар белгилаб берилди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Kun.uz нашрига шу ҳақида маълумот берди.

- Туризмнинг кейинги ривожи нималарга асосланади?

- Энг аввало сўнгги йилда бошланган ишларни давом эттириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, Президент Шавкат Миромонович алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган тўрт йўналишни белгилаб бердилар.

1. Жойлашув воситалари

Замонавий ва бренд меҳмонхоналар ҳамда хостел, оилавий меҳмон уйлари каби ҳамёнбоп жойлашув воситалари қурилишини тезлаштириш, шунингдек AirB&B тизими бўйича квартиралар бериш механизмларини татбиқ қилиш.

2. Транспорт логистикаси

Иккинчидан, туристик оқимни ошириш ва диверсификациялаш учун бир-бирини ўзаро тўлдириб турувчи ички ва ташқи транспорт турларини ҳисобга олган ҳолда, ягона, хавфсиз ва инновацион транспорт логистикасини ривожлантириш.

3. Маданий мерос субъектлари

Учинчидан, сайёҳлар учун амалий ахборот-маълумотнома тизимини яратиш, смарт-туризм технологияларини татбиқ қилиш, турникетлар ва видеокузатувлар тизимларини ўрнатиш орқали маданий мерос субъектлари, музейлар, театрлар, бадиий галереялар фаолияти самарадорлигини ошириш.

4. Туризм "монетизацияси"

Тўртинчидан, энг аввало авиаташувлар, жойлашув воситалари хизматлари, сайёҳларнинг овқатланишини ташкиллаштириш, маданий-кўнгилочар тадбирлар ва ишлаб чиқарилаётган сувенир маҳсулотлар учун мослашувчан нарх сиёсатини ўрнатиш орқали туризм "монетизацияси"ни ошириш.

- Вазифаларни бажаришда иш нимадан бошланади?

- Бугунга келиб туризм соҳаси тезкор ривожи масалаларини ўрганиш бўйича Республика гуруҳи тузилган ва уч ишчи гуруҳларга ажратилган. Ноябрь ойи давомида маҳаллий вазирлик ва идоралар мутахассисларига туристик сектор экспертлари ҳамда вакиллари билан бирга вазиятни яхшилаб ўрганиш ва туризм ривожига тўсқинлик қилаётган муаммолар ечимини топишга доир аниқ таклифлар акс этган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Фурсатдан фойдаланиб, туристик сектор вакиллари ва мамлакатимизда туризм ривожига бефарқ бўлмаган кишиларни яна бир бор туризмни ривожлантириш бўйича янги комплекс чора-тадбирлар режасини тайёрлашда иштирок этишга ва ўзларининг асосли таклифлар ҳамда ғояларини йўллашга чорлаб қоламиз.

- Туризмга инвестиция киритиш қандай рағбатлантирилади?

- Энг аввало туризм ва транспорт инфратузилмасига инвестиция жалб қилишга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни аниқлаб олиш зарур. Фикримизча, бу масалани ҳал қилишда ҳар бир инвесторнинг ариза топшириш жараёнидан бошлаб то сармоявий лойиҳани якунлагунича дуч келадиган муаммоларини ўрганиб чиқиш лозим.

Шу кунгача туристик инфратузилма объектлари қурилиши учун ер участкаларини тақдим этишни сўраб мурожаат қилган инвесторларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш зарур. Шу билан бирга, бўш ер участкаларининг аниқ рўйхати бўлиши керак.

Туристик инфратузилма объектлари қурилишига доир лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик объектларини рағбатлантиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш керак. Жаҳонга машҳур бренд даражасидаги меҳмонхона бизнеси тармоқларини жалб қилиш (жумладан имтиёзлар тақдим этиш йўли билан) масаласига янада жиддийроқ ёндашиш вақти келди.

- Транспортни ривожлантириш қай йўсинда кечади?

- Бу энг аввало мамлакатдаги транспорт ва йўл бўйи инфратузилмаси, автомобиль йўллари, йўловчиларни темир йўллар ва автомобиль транспорти билан ташиш тизимларидаги муаммоли масалаларни қамраб олади.

Туристик тоифадаги автобуслар парки ривожланиши талаб этилади. Кичик гуруҳларга мўлжалланган машиналар танқислиги ҳануз мавжуд, етиш қийин жойларга саёҳат қилишга мўлжалланган автомобиллар паркини кенгайтириш зарур.

Ҳаво йўлларига нисбатан жиддий режаларимиз бор. Миллий авиаташувчи авиацион паркидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан бирга, мунтазам ва чартер рейслар географиясини ошириш учун хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш. Аэропортлардаги хизмат кўрсатиш даражасини ошириш учун уларни алоҳида тузилмага ажратиш, танлов асосида ташқи бошқарув учун инвесторларга топшириш вариантларини кўриб чиқиш кўзда тутилган.

Йўловчи авиаташувчи бозорининг давлат бошқарув тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, институционал асосларини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Бунда функцияларни давлат бошқаруви, авиаташувчи ва аэропортларни бошқарувчи операторга тақсимлаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, авиация, темир йўл ва автомобиль инфратузилмаси ҳамда зарур коммуникациялар динамик ривожига оид дастурларни ҳаммолиялаштириш учун халқаро молиявий институтларни жалб қилиш масаласини кўриб чиқамиз.

- Ўзбекистон бўйлаб турларни мазмунан бойитиш йўлида қандай ишлар олиб борилади?

- Маданий объектларга хизмат кўрсатиш тизими ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш режалаштирилган. Бундай объектларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ва молиявий рентабеллигини таъминлашга йўналтирилган таклифлар ишлаб чиқилади.

Маданий объектларга кириш чипталарини харид қилиш ва назорат қилиш тизимини автоматлаштириш ҳамда уларнинг электрон шаклларини йўлга қўйиш, шунингдек уларнинг хизматларини монетизациялаш вақти келди.

Бундай объектлардан рационал ва самарали фойдаланиш ҳамда аҳолида уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга йўналтирилган амалий механизмларни белгилаш кўзда тутилмоқда.

Сувенир маҳсулотлар ассортименти, уларни сотиш нуқталарининг аҳволи, ишлаб чиқариш ва етказиб беришдаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратилади. Сайёҳлар томонидан талабгор янги сувенир маҳсулотлари ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш зарур.

Шу билан бирга, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш ҳам устувор аҳамият касб этади. Бунда нафақат ҳунармандчиликнинг мавжуд йўналишларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, балки унинг йўқолган ёки йўқолиш хавфи остида бўлган турларини қайта тиклашга эътибор қаратилади.Бунинг учун эса ҳунармандчилик мактаблари очилади, сайёҳлар учун маҳорат дарслари нуқталари ташкил қилинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент топшириғи: Туризм ривожига янгича импульс берилади