
Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини бошқариш бўйича ягона марказ ташкил этилади. Президент Шавкат Мирзиёев пойтахт транспорт тизимини ривожлантириш бўйича тақдимотда ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Марказ транспорт ва пиёдалар оқимини таҳлил қилади, интеллектуал транспорт тизимини бошқаради, автотураргоҳлар, электромобиллар учун қувватлаш инфратузилмаси ва шаҳар транспорт режасини ишлаб чиқишда масъул бўлади. Сўнгги йилларда Тошкентда жамоат транспорти тармоғи сезиларли даражада кенгайтирилди: автобуслар сони қарийб 1,9 мингтага етди, интервал 15 дақиқагача қисқарди, метро тармоғи эса 70,5 километр ва 50 бекатга кенгайди.
Янги марказ камералар, датчиклар ва GPS маълумотларидан ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиб, тирбандликларни башорат қилади, йўналишларни оптималлаштиради, светофорларни мослаштиради ва йўл-транспорт ҳодисалари бўйича тезкор хизматларни сафарбар қилади. Ушбу лойиҳа йўл ҳаракати вақтини қисқартириши, тирбандликларни камайтириши ва фавқулодда хизматларнинг ўз вақтида етиб боришини таъминлаши кутилмоқда.
Пилот лойиҳа жорий йилда ишга туширилиши ва 2030 йилга келиб мамлакат бўйлаб кенгайтирилиши режалаштирилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.