Я.Иноятов Ислом Каримов ҳақида » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Я.Иноятов Ислом Каримов ҳақида

Я.Иноятов Ислом Каримов ҳақида

Жаннатмонанд юртимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган йўлига кекса авлоднинг бир вакили сифатида назар ташлар эканман, бугунги тинч-осойишта ҳаётимиз, халқимиз эришаётган улкан ютуқлар, фаровон турмуш ва тўкин дастурхон учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтаман. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Бу Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб юритган оқилона сиёсати ва халқимизнинг машаққатли меҳнати самарасидир.

1984-1986 йиллар. Қашқадарё вилоятининг молиявий аҳволи, қишлоқ хўжалик ишлари буткул издан чиқиб, инқирозга юз тутган. Турмуш кечириш ниҳоятда оғир. Пахта иши деб кўпчилик хўжалик раҳбарлари, пахта қабул қилиш пунктларининг мутахассислари, пахта заводларининг раҳбарлари қамоққа олинган.

Ўша пайтларда мен Шаҳрисабз туманида раҳбар бўлиб ишлардим. Шунинг учун барини жуда яхши биламан. Бугунгидек замонавий турмуш ҳақида гапириш у ёқда турсин, одамларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳам ниҳоятда мушкул эди. Қисқа қилиб айтганда, иш издан чиққан, халқнинг тинчлиги йўқолган, инсоний ғурури топталган, қадди букилган йиллар эди. Одамлар дардини кимга айтишни билмасди.

Мана шундай оғир бир шароитда вилоятга Ислом Каримов биринчи раҳбар бўлиб келди. Янги раҳбар ишни пахтадан бошламади, режалар бажарилишини сўрамади, аксинча, пароканда бўлган одамларнинг бошини силаб, бу оғир аҳволдан чиқиш, халқнинг букилган қаддини тиклаш йўлини қидирди. Марказдан келган десантчиларнинг зуғуми билан ноҳақ қамалган жабрдийдаларни уйига, оиласига қайтарди. Одамларда адолатга ишонч уйғотди. Бу ҳозир айтишга осон, ўша пайтлар учун жуда катта жасорат, мисли кўрилмаган қаҳрамонлик эди. Қисқа муддатда қолоқ вилоят иқтисодиётини кўтарди, аҳолининг турмушини яхшилашга эришди.

Ислом Каримов давлатимиз раҳбари бўлгандан кейин барча соҳаларда, жумладан, қишлоқ хўжалигида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Ерга, меҳнатга муносабат ўзгарди. Деҳқончилик маданияти юксалди. Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилган ишлар ва унинг самараларини Қашқадарё вилояти мисолида кўрадиган бўлсак, мустақиллик йилларида ҳудуд ҳар томонлама ривожланди. Мамлакатимизда етиштириладиган ғалланинг 12 фоизи, пахтанинг қарийб 15 фоизи шу вилоят ҳиссасига тўғри келмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида вилоятда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Қарши шаҳрида янги йўл ва кўприклар, кўп қаватли замонавий уй-жойлар, боғ ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилди. Аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шароит ва қулайликлар яратилди.

Шаҳрисабзда ҳам кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Оқсарой мажмуаси атрофидаги майдон кенгайтирилиб, Чорсу бозори, Кўкгумбаз, Дор ут-тиловат, Дор ус-саодат обидаларини боғловчи сўлим хиёбон барпо этилди. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларини ҳар томонлама обод қилиш учун катта маблағ ва ресурслар ажратилди. Мақсад – аҳоли учун барча замонавий шароитларни яратиш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришдир.

Мустақиллигимизнинг ҳар бир йили, ҳатто ҳар бир ойи тарихий воқеаларга, улкан муваффақиятларга бой бўлмоқда. Буни ҳар қадамда ҳис этяпмиз, ўзимиз, оиламиз, маҳалламиз мисолида кўраяпмиз. Ёшларимиз турли соҳаларда халқаро миқёсда эришаётган ва қалбимизга чексиз фахр-ифтихор туйғуларини бағишлаётган улкан ютуқлар мисолида кўриб турибмиз.

Ислом Каримов мамлакатимизга раҳбарлигининг илк давридаёқ “Энди биз эскича яшай олмаймиз, бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, деб баралла айтган ва бугун барчамизни янги марралар сари чорлайдиган улуғвор даъватга айланган “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деган олижаноб шиорни ўртага ташлаган эди.

Мана, кўриб турибмиз, Ислом Каримов 25 йил аввал тавсия қилган фермерлар, айниқса, кўп тармоқли фермерлар фаолияти ривожланиб кетди. Улар пахта ва ғалла етиштиришдан ташқари, кўплаб кичик корхоналар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлайдиган заводлар ташкил этиб, жаҳон билан бўйлашмоқда, маҳсулотини тайёр ҳолда дунё бозорига чиқармоқда. Бу мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ҳисса бўлиб қўшилиш билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини юксалтиришдек олижаноб мақсадларга хизмат қилмоқда.

Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари, халқ манфаатини кўзлаб юритган оқилона сиёсатлари туфайли Ўзбекистонимиз мустақиллик йилларида саноати, қишлоқ хўжалиги тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати юксалиб бораётган замонавий буюк давлатга айланди. Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга чирой очиб, обод ва кўркам бўлиб бормоқда. Аҳолимизнинг асосий қисми яшайдиган қишлоқ жойларда замонавий турмуш шароити яратилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган қишлоқ жойларда барпо этилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши бир неча баробар ошди. Айниқса, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли ишга туширилиши, асрлар бўйи қақраб ётган даштда Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи барпо этилиши ҳақиқий мўъжиза бўлди. Қишлоқларимизда улкан иқтисодий самара берадиган саноат ва ишлаб чиқариш объектлари қурилди. 2015 йилда Тошкентдан Қаршига юқори тезликда ҳаракатланувчи “Аfrosiyob” поезди қатнови йўлга қўйилди.

Ўзбекистонимиз кўп соҳалар бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторидан жой олди. Бундан 6 ярим аср олдин Соҳибқирон Амир Темур бобомиз айтган “Бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг”, деган сўзлари сўнгги 25 йиллик ҳаётимизда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Бундай улкан қурилишлар, кўкракни кериб мақтанадиган ўзгаришлар Президентимиз Ислом Каримовнинг доно раҳбарлигида амалга оширилди.

Биринчи Президентимиз бизга мерос қолдирган тинч-осойишта ҳаётни асраш, миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Январ Иноятов,
Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий
қўллаб-қувватлаш “Нуроний”
жамғармаси Қашқадарё вилояти
бўлими кенгаши раиси.

Манба: Diydoraziz.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru