Марс сайёрасининг янги сирлари » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Марс сайёрасининг янги сирлари

Марс сайёрасининг янги сирлари

NASA Марсда сув борилиги ҳақида маълум қилганда, бу янгилик ҳаммани лол қолдирган. Ўшандан буён кўплаб кашфиётлар қилинди, улар ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали бериб борилди. Ҳозирги пайтда Қизил сайёрада иккита Марс роверлари фаолият олиб бормоқда. Марсни уч орбита қурилмаси назорат қилмоқда. Бундан ташқари самовий қўшнимизга яна иккита зонд йўл олмоқда. Биз сайёрада олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақидаги маълумотларни бериб боришда давом этамиз.

Марсда ҳаёт борлигидан далолат берувчи жинс топилди
Марс сайёрасининг янги сирлари

Импактитлар – метероритлар қулаши натижасида ҳосил бўлган тоғ жинслари. Улар кўпинча тошлар, минераллар, шиша ва кристалл таркибдан иборат. Ердаги энг машҳур импактит манбалари – Невада саҳросидаги (АҚШ) Аламо кратери ва Тасманиядаги Дарвин кратери. Ўтган йили NASA Марсда улардан яна бирини топди .

NASA’нинг Mars Reconnaissance Orbiter космик аппарати Қизил сайёранинг бир неча кратерларида импакт шиша қолдиқларини топди. Бир йил аввал эса олим Питер Шульц Аргентинада топилган худди шундай таркибли импакт шишани кўрсатган эди, унда ўсимликлар ва органик молекулалар қисмлари бўлган. Бу эса Марс импакт шишаси ҳам қадимий ҳаёт илдизларини ўзида мужассам қилган бўлиши мумкинлигидан далолат беради.

Олимлар учун кейинги қадам ушбу импакт шишадан намуна олиш бўлади. Текширувга номзодлар орасида биринчиси – Харгрейвз кратери, янги Марс роверининг 2020 йилда тахминий қўнадиган жойи.

Учиб ўтувчи кометалар Марс магнитосферасини “силкитмоқда”
Марс сайёрасининг янги сирлари

2014 йилнинг сентябрида MAVEN (Mars Atmosphere and Volatile EvolutioN) космик аппарати Марс орбитасига чиқди. Атиги бир неча ҳафта ўтиб, зонд ноёб ҳодисанинг гувоҳи бўлди – учиб ўтаётган комета Қизил сайёрага жуда яқин келди.

Сайдинг-Спринг номи билан машҳур бўлган C/2013 A1 кометаси 2013 йилда топилган. Дастлаб олимлар унинг Марсга тушишини тахмин қилишганди, аммо икки объект 140 000 километр масофада бир-биридан узоқлашган.

Тадқиқотчиларни бундай яқинлашиш натижасида ҳосил бўлиши мумкин бўлган эффектлар қизиқтириб қўйди. Марснинг магнитосфераси заиф бўлгани боис, олимлар кометанинг яқинлашиши натижасида унинг барқарорлигига таъсир кўрсатувчи ионларнинг кучли отилиши содир бўлганини таъкидлашди. NASA бу эффектларни кучли, лекин қисқа муддатли қуёш бўронлари билан қиёслади. Комета яқинлашганда унинг магнит хусусияти кучайгани туфайли Марснинг магнит майдонини буткул хаос қамраб олди.

Марснинг “ирокез”и бор
Марс сайёрасининг янги сирлари

2013 йилда Марснинг атмосферасини ўрганиш учун MAVEN космик қурилмаси жўнатилган. Зонд кузатувлари натижасида тўпланган маълумотларга кўра, Марс сайёрасининг “ирокез”и борилигини кўрсатган компьютер модели яратилган.

Марснинг “ноёб соч турмаги” аслида сайёра атмосферасининг юқори қисмидан қуёш шамоли пуркаб чиқарувчи электрон зарядланган зарралардан иборат. Қуёш шамоли яқинлашиши натижасида ҳосил бўладиган электрон майдон бу зарраларни қутбларга жалб қилади.

Марснинг қишлоқ хўжалик билан боғлиқ келажаги
Марс сайёрасининг янги сирлари

Агар ҳақиқатда Марсда яшашни истовчилар бўлса, аввал уларни таъминлаш усулларини ишлаб чиқиш керак. Вагенинген университети (Нидерландия) олимларининг сўзларига кўра, Марс тупроғига экиш мумкин бўлган 4 хил қишлоқ хўжалик маҳсулоти аниқланган. Булар – помидор, редиска, жавдар ва нўхат. Олимлар шунга доир тадқиқот ўтказиб, бунга ишонч ҳосил қилишди. Марсда экилган маҳсулотларда оғир металларнинг (кадмий ва мис) юқори концентрацияси бўлса-да, уларнинг ҳажми хавф туғдирмайди, шу боис улар истеъмолга яроқли ҳисобланади.

Марснинг сирли барханлари
Марс сайёрасининг янги сирлари

Марс барханлари ҳам ровер ва орбитал зондларнинг кузатув объектига айланган, бироқ яқинда Ерда Mars Reconnaissance Orbiter аппарати томонидан суратга олинган тасвирлар пайдо бўлди. Шуни тан олиш керакки, олинган суратлар олимларни ўйлантириб қўйди. 2016 йилнинг февралида космик аппарат Морзе алифбосида қўлланувчи “нуқта ва тире” тиниш белгиларини эслатувчи ажойиб шаклдаги барханлар акс эттирилган суратни тақдим этган.

Тахминларга кўра, бундай ғаройиб шаклдаги барханлар уларнинг яқинида жойлашган импакт кратери туфайли шундай кўриниш олган, зеро кратерлар уларга ўтадиган қум ҳажмини чеклаб қўйган. “Тире” шаклидаги барханлар эса икки йўналишдан эсувчи шамоллар натижасида ҳосил бўлган.

Шунга қарамай, “нуқта-барханлар” табиати аввалгидек жумбоқлигича қолмоқда. Одатда бундай шакл барханларнинг тўлиқ шаклланишига нимадир ҳалақит берганда ҳосил бўлади. Олимлар бу минтақани ўрганишда давом этиб, ушбу жумбоқнинг жавобини излашда давом этишади.

Марс минераллари сири
Марс сайёрасининг янги сирлари

2015 йилда «Кьюриосити» ровери ёрдамида ўрганилган Марс минтақаси NASA олимлари учун жавобдан кўра кўпроқ савол туғдирди.

Бу ерда кремний диоксиднинг фавқулодда юқори концентрацияси кузатилди. Баъзи тошларда у 90 фоизни ташкил қилади. Кремний диоксиди Ердаги тош ва минералларда (айниқса кварцда) кўп учрайдиган кимёвий компонент ҳисобланади.

«Кьюриосити» роверини бошқарувчи жамоа аъзоларидан бири Альберт Йеннинг сўзларига кўра, кремний диоксиднинг юқори концентрациясига эга бўлиш учун одатда бошқа компонентлар билан аралашув жараёни ёки бу компонентлар ҳосил бўлиши мумкин бўлган муҳит талаб қилинади. Бошқача қилиб айтганда, бунинг учун сув керак бўлади. Шу боис Марсда кремний диоксиднинг ҳосил бўлишига доир масаланинг ҳал этилиши олимларга қадимий Марс сайёраси қандай бўлгани ҳақида яхшироқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради.

«Кьюриосити» бу тошлардан намуналар олганида, улар янада кўп ҳайратга сабаб бўлди. Маълум бўлишича, уларда тридимит номли минерал бор экан. Бу минерал Ерда жуда камдан-кам учрайди, Марсда эса у деярли ҳамма жойда бор. Тадқиқотчилар унинг қандай қилиб Марсда пайдо бўлгани ҳақида бош қотиришмоқда.

Оқ сайёра
Марс сайёрасининг янги сирлари

Шундай пайтлар бўлганки, машҳур Қизил сайёра аввал кўпроқ оқ бўлган. Боулдердаги (Колорадо, АҚШ) Жанубий тадқиқот институти астрономларининг фикрича, сайёра нисбатан яқинда “қизил тусга кирган” (Муз даврини бошдан кечиргандан кейин).

Олимлар Марснинг шимолий қутбидаги музликлар қатламини кузатиб, шундай хулосага келишган. Бунинг учун улар Mars Reconnaissance Orbiter аппаратига ўрнатилган Shallow Subsurface Radar илмий ускунасидан фойдаланишган.

Олимлар ана шу узоқ тўлқинли сканер туфайли Марснинг муз қатламини 2 километргача кузатиш имконига эга бўлишди ва икки ўлчамли схема яратишди, мана шу схема сайёранинг 370 000 йил аввал жуда кучли музлик даврини бошдан ўтказганини кўрсатди. Бундан ташқари олимлар тахминан 150 000 йилдан кейин сайёрани яна бир музлик даври кутаётганини аниқлашди.

Марснинг ерости вулқонлари
Марс сайёрасининг янги сирлари

Тридимит одатда вулқонли жинсларда учрайди, шу боис унинг Марсда мавжудлиги ўтмишда сайёрада кўп вулқонлар содир бўлганидан далолат бериши мумкин. Mars Reconnaissance Orbiter аппарати ёрдамида олинган янги далиллар қачонлардир Марсда муз тагида вулқонлар кўп бўлганлигига ишора қилади.

Зонд Sisyphi Montes минтақасини ўрганиб чиқди ва олимлар унинг шакл жиҳатидан Ерда муз остида содир бўладиган вулқонларга ўхшаш ясси тоғ тизмаларидан ташкил топганлигига доир маълумот олишди.

Вулқон отилганда унинг кучи шу қадар кучли бўладики, у муз қатламини ёриб чиққан ва ҳавога катта миқдордаги кул чиқарган. Бундай вулқонлар отилиши натижасида кўплаб турли хил жинслар ва минераллар ҳосил бўлади. Sisyphi Montes’да ҳам худди шундай жинслар топилган.

Марснинг қадимги мегацунамиси
Марс сайёрасининг янги сирлари

Олимлар Қизил сайёрада қачонлардир шимолий океан бўлган ё бўлмаганлиги ҳақида аввалгидек кўп баҳслашишади. Бу борада олиб борилган янги тадқиқот океаннинг ҳақиқатда бўлганлигига ҳамда у ерда гигант цунамилар кўтарилганлигига ишора қилади.

Бу ерларда қачонлардир океан бўлганлигининг ягона далили ноаниқ соҳил чизиқлари ҳисобланади. Бу ерда мегацунамилар содир бўлганлиги тўғрисидаги тахминга ишонадиган бўлсак, соҳил чизиқларининг нима учун бундай ноаниқ эканлигини изоҳлаш мумкин бўлади.

Ушбу ғояни илгари сурган олимлардан бири Алекс Родригезнинг айтишича, бу гигант цунами тўлқинлари 120 метр баландликкача чиққан. Улар уч миллион йилда бир марта содир бўлганлиги тахмин қилинади.

Родригез соҳил чизиқлари ёнида жойлашган кратерларни ўрганишга жуда қизиқади. Цунами натижасида бу кратерлар сувга тўлиб, уни миллион йил сақлаб қолган бўлиши мумкин. Бу эса қадимий ҳаёт илдизларини излаш учун ажойиб сабаб.

Марсда Арктика океанидан кўп сув бўлган
Марс сайёрасининг янги сирлари

Олимлар Қизил сайёрада қачонлардир жуда кўп сув бўлганлиги ҳақидаги фикрга қўшилишмоқда. NASA бу ерда бутун сайёрани қоплашга етарли ҳамда чуқурлиги 140 метрли океанни ҳосил қилган сув бўлган, деб ҳисоблайди. Олимларга ишонадиган бўлсак, Марсда Арктика океанидан кўп сув бўлган. Марсдаги океан сайёра ҳудудининг 19 фоизини эгаллаган бўлиши мумкин.

Олимлар Ҳавайидаги Кека расадхонаси ва Чилидаги Жуда катта телескоп ёрдамида амалга оширилган кузатувларга асосланиб, ана шундай хулосаларга келишган. Ҳозирда Марснинг атмосферасида икки хил шаклдаги сув мавжуд: H2O ва HDO (оғир сув - одатий водород молекулалари водород изотопи дейтерийга ўзгартирилган).

Олимлар олиб борган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, Марс ўз сув заҳирасининг 87 фоизини йўқотган.

Манба: Kun.uz

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru