21:30 / 25.07.2021
4 047

Янги ҳафта ўрталарига бориб ҳаво салқинлашади


Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига 27 июлдан, республиканинг бошқа ҳудудларига 28-29 июлдан совуқроқ, салқинроқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда.


Гидрометеорология илмий- текшириш институти докторанти, фалсафа доктори (PhD) Эркин Абдулаҳатов телеграм-каналида ёзишича, шимоли-ғарбдан кириб келаётган совуқ антициклон соҳаси ҳароратни бирмунча пасайтиради. Аммо бу оқимдан ёғингарчилик бўлиш эҳтимоли жуда кам. Тоғларда маҳаллий хусусиятга эга жала ёмғирлар ёғиши сақланади.

“Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти ҳудудларида ҳафта ўрталарида ҳам максимал +40 даражалик ҳароратлар сақланади. Бошқа жойларда ҳаво ҳарорати бирмунча пасаяди. Шимол ҳудудларида 29 июль куни максимал ҳаво ҳарорати қийматлари +32 даражагача кўтарилиб, салқин ҳавони тақдим этади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 27-28 июль кунлари жойларда кучли шамоллар ва чанг бўронлари кўтарилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Эрон ҳудудларидан қуруқ ва иссиқ ҳаво оқими кириб келиши ҳисобига Ўзбекистонда 24 июлдан бери жазирама кузатилмоқда. «Ўзгидромет» республика ҳудудида кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 44 даражага, жанубий ва чўл зоналарида эса 45–46 даражага етишини прогноз қилганди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолидан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни сўраган.
«Кескин иссиқ ҳавода барча инсонлар, айниқса, сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар ўзларини ҳимоялашлари ниҳоятда муҳим.

Бундай шароитда аҳолимиздан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликларини, кўпроқ суюқлик истеъмол қилишларини сўраб қоламиз.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари, иссиқ ва қуруқ ҳавонинг салбий оқибатларидан ўзингизни асранг!» дейилади хабарда.
Эркин Абдулаҳатов ҳаво ҳароратининг юқорилаши бир пайтнинг ўзида ҳавода атмосфера босими кескин пасайиши билан ҳамоҳанг кечаётганини таъкидлайди.

“Республиканинг марказий ҳамда қўшни Туркманистон билан чегарадош чўл ҳудудлари марказида босим фарқи атрофга нисбатан кескин пасаювчи паст босимли соҳани ривожлантирмоқда. Бу каби фаоллик республика ҳудудларида 26-27 июль куни ҳам давомли кузатилади.
26-27 июль кундуз кунлари республиканинг воҳа ҳудудларидаги паст босимли соҳа билан шимол Қозоғистондаги юқори босимли соҳа тўқнашиши натижасида шиддатли шамоллар эсиши учун шароит юзага келган.

Вазият чуқур таҳлил қилинмоқда. Тахминий шамол кучига қараб, огоҳлантириш хабарлари ишлаб чиқилиши мумкин”, дейди Гидрометеорология илмий- текшириш институти докторанти.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Янги ҳафта ўрталарига бориб ҳаво салқинлашади