22:50 / 29.04.2024
208

Ўзбекистонда яширин иқтисодиётга қарши курашиш режалари ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда яширин иқтисодиётга қарши курашиш режалари ишлаб чиқилди
Google Photos
Ҳукумат яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича янги режаларни тайёрлади. Бу режалар “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасида акс этган. Ҳозирча жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган ҳужжат вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.

Лойиҳада 2024 йил 1 майдан бошлаб қуйидагиларни жорий этиш таклиф этилган:
  • қурилиш корхоналари томонидан жисмоний шахсларга кўчмас мулк объектлари реализация қилинганда солиқ базасини аниқлашда ҳар бир квадрат метр учун минимал миқдорлардан келиб чиқиб ҳисоблаш;
  • уй-жой, кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари сотувини фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида амалга ошириш. Бунда жисмоний шахслар томонидан мазкур олди-сотди шартномалари банк маълумотлари асосида, юридик шахслар томонидан эса электрон ҳисобварақ-фактура орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг амалга оширилганини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда нотариал расмийлаштирилади.

2024 йил 1 июлга қадар:
  • шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига асосланган қурилиш объекти учун қурилиш материаллари ва сарф-харажатларининг чекланган ўртача миқдорини қатъий белгилаш тизимини жорий этиш;
  • “POS” терминаллар ўрнатиш харажатларини фойда ва айланмадан олинадиган солиқ базасидан чегириб ташлаш;
  • “POS” терминаллар орқали амалга оширилган товар айланмаларига нисбатан фойда ва айланмадан олинадиган солиқ ставкаларини 5 фоизга камайтириш таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳада Солиқ қўмитасининг ваколатларини кенгайтиришга қаратилган қуйидаги нормалар ҳам бор.

ҚҚС суммасини қайтариш муддати узайтирилиши мумкин

2024 йил 1 барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан йирик солиқ тўловчилари учун қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси ўрнини қоплаб беришни мурожаат қилинган кундан бошлаб 60 кундан 75 кун ичида амалга ошириш таклиф қилиняпти. Тезлаштирилган тартиб ва тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги бундан мустасно.

Эслатиб ўтамиз, ҚҚСнинг салбий фарқ суммасини қайтариб олиш ҳуқуқи тадбиркорларга 2020 йилдан бошлаб берилганди. 2021 йилдан интизомли солиқ тўловчиларга ҚҚС суммаси тезлаштирилган тартибда – 7 кунда қайтариб бериш амалиёти жорий қилинган. 2024 йил 1 апрелдан ишга тушган тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги натижалари кўра эса, А тоифадаги тадбиркорларга ҚҚСни 1 кунда қайтариб бериш амалиёти йўлга қўйилган.

Бу ўринда, ҚҚСнинг салбий фарқ суммаси ўрнини қоплаб бериш муддатини узайтириш яширин иқтисодиётга қарши курашишга қандай ёрдам бериши борасида саволлар пайдо бўлади.

Эътирозларга сабаб бўлган E-Aktiv

1 июлдан бошлаб йирик солиқ тўловчилар ва юқори ликвидли товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар учун асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш (сотиб олиш (қуриш), ишга тушириш, қайта баҳолаш, тасарруф этиш) ҳамда ўз устав фондини (устав капиталини) шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларини мажбурий тарзда солиқ органларининг E-Aktiv ахборот тизими орқали акс эттириш ҳам таклиф этиляпти.

2021 йилдаги ҳукумат қарорига кўра, тизим 2022 йил 1 январдан ишга тушиши керак эди. Бироқ бу тадбиркорлар ва бухгалтерларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Уларга кўра, барча товар-моддий бойликларни тизимга киритиш қийин иш ва бу бизнес учун ортиқча бюрократик тўсиқларни вужудга келтиради.

Эътирозлардан кейин тизимни мажбурий қўллаш 2023 йил 1 мартгача кечиктирилди. 2023 йилнинг март ойида эса Солиқ қўмитаси муддат 2024 йилгача узайтирилганини маълум қилган бўлса-да, амалда бу тизимни мажбурий қўллаш амалиёти ҳали кучга кирмаган. Солиқ қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz'га E-Aktiv ҳозир ҳам ишлаб тургани, ундан фойдаланиш солиқ тўловчилар учун осон ва қулай тизимга айланмагунича Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга эътироз билдирмаслигини маълум қилди.

Агар қарор имзоланса, 1 июлдан йирик солиқ тўловчилар ва юқори ликвидли товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар учун E-Aktiv мажбурий бўлиши мумкин.

Шунингдек, лойиҳада айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган суммада тўлаш тартиби бекор қилиниши ҳам кўзда тутиляпти. Бундай тартиб 2023 йил 1 январдан йўлга қўйилган эди.

Нақд пулдаги харидлар учун кешбэк қайтарилмаслиги мумкин

Ҳужжат лойиҳасидан жой олган яна бир таклиф – 2024 йил 1 июлдан бошлаб чакана савдо, хизмат кўрсатиш ҳамда умумий овқатланиш соҳаларида жисмоний шахслар томонидан тўловлар мобил иловалар (нақдсиз) ва пластик карта орқали амалга оширилганда 1 фоиз миқдорида кешбек қайтариш, тўловлар нақд пулда амалга оширилганда эса кешбэк қайтаришни бекор қилиш билан боғлиқ.

Амалдаги тартибга кўра, тўловлар нақд ёки нақдсиз шаклда амалга оширилишидан қатъи назар QR-кодли чеклар орқали харид суммасидан кешбэк олиш ҳуқуқига эга. Таъкидлаш керакки, сотувчи онлайн касса машинасига харид маълумотларини киритиб, харидорга чек берганининг ўзиёқ у солиқ органига сотган нарсасини кўрсатаётгани ва солиқдан қочмаётганини англатади.

Ўзбекистон фуқаролари харид суммасининг 1 фоизини кешбэк шаклида қайтариб олиш имконияти 2022 йил 1 январдан кучга кирганди. 2024 йил 1 январдан бошлаб максимал кешбэк миқдори ойига 60 БҲМнинг 1 фоизи (204 минг сўм) деб белгиланган.

P2P назорати яна кун тартибига қайтиши мумкин

Қарор лойиҳасида Солиқ қўмитаси Марказий банк билан биргаликда икки ой муддатда товар ва хизматлар учун тўловлар жисмоний шахсларнинг пластик карталари (Р2Р) орқали амалга оширилишини тартибга солиш мақсадида Р2Р операцияларида муайян чегарадан ошган транзакциялар бўйича ўзаро маълумот алмашинуви юзасидан Меморандум имзолаши ҳам назарда тутиляпти.

Солиқ қўмитаси картадан картага ўтказмаларга оид маълумотларни қўлга киритишга бир неча йилдан бери уриниб келади. Ўтган йили бу борадаги норма Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтказилмай президент фармонига киритилган, бу эса танқидларга сабаб бўлганди. Охир-оқибат янги конституция талабларини ҳаётга жорий этиш бўйича президент фармони билан бу талаб бекор қилинганди.

Солиқ органлари тадбиркорнинг ҳудудига кириши мумкин бўлади

Яширин иқтисодиётга қарши курашишга қаратилган ҳужжат лойиҳага кўра, солиқ органлари солиқ тўловчининг ҳудудига кириш ва бинони кўздан кечириш ваколатини олишни истаяпти.

Солиқчиларга текширув натижасида қуйидаги ҳолатлар аниқланган тақдирда тадбиркорлик субъектларини хабардор қилмасдан ҳамда Бизнес омбудсманни текшириш кунида хабардор қилган ҳолда белгиланган тартибда сайёр текширувларини ўтказиш ваколати берилиши мумкин:
  • тўлов интизомига риоя қилмаслик, шу жумладан назорат-касса техникаси ва (ёки) ҳисоб-китоб терминаллари қўлланиши тартибини бузиш,
  • харидорга фискал чек бермаслик;
  • ер қаъридан фойдаланишда солиқ қонунчилигини бузиш.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 январдан эътиборан камерал солиқ текширувида солиқ тўловчининг ҳудудига кириш; солиқ тўловчининг ҳудудини ва биноларини кўздан кечириш; солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш ва солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш тақиқланганди.

Солиқ кодексининг 138-моддасига ушбу норма 2023 йил 28 декабрдаги ҳукумат қарори билан киритилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонда яширин иқтисодиётга қарши курашиш режалари ишлаб чиқилди