17:38 / 01.05.2024
282

Хоакин Бакли "қаттиқ" жангчи. Бироқ Нурсултон Рўзибоев...

Хоакин Бакли "қаттиқ" жангчи. Бироқ Нурсултон Рўзибоев...
Ўзбек ММА оламидаги кутилаётган энг катта воқеликлардан бири 12 май куни ҳамюртимиз Нурсултон Рўзибоевнинг UFCдаги 3-жанги десак, муболаға бўлмайди. Унинг навбатдаги рақиби АҚШ вакили Хоакин Бакли бўлади. Мазкур жанг 77,1 кг яъни, ярим ўрта вазн тоифасида бўлиб ўтади.

Ҳамюртимиз аввалги 2 жангини ўрта вазнда (83,9 кг) ўтказган эди. Тўғриси, 77,1 кг ҳам Нурсултон учун бегона эмас ва вазн қилишда у қадар қийинчиликка учрамайди. Энг аҳамиятлиси, Бакли ҳозирда ярим ўрта дивизион рейтингида 11-ўринда қайд этилган. Агар, Нурсултон ушбу жангни ўз фойдасига ҳал қилса, ТОП 15дан ўрин олишига шубҳа йўқ.

Хуллас, биз ушбу қарама-қаршилик борасидаги таҳлилий фикрларимиз билан ўртоқлашамиз.

Хоакин Бакли ўзи қандай жангчи?
Бакли ноодатий жангчилар сарасига киради. Яъни, анчагина “қаттиқ”, метин иродали ва таваккал қилишдан қўрқмайдиган тоифадан. Унинг Импа Касанганайни қай тарзда нокаутга учратганини ММА ихлосмандлари яхши билишади. Қолаверса, бошқа жангларида ҳам ранг-барангликни кузатиш мумкин. Базаси бокс эканлигини жангларидан, “стойка”сидан ҳам англаб олиш қийин эмас. Асосий зарбани чап қўлда йўллайди. Қолаверса, “хай-кик” зарбалари ҳам жуда хавфли кўриниш олади. Хуллас, бекорга ярим ўрта вазн тоифасида ТОП 15 таликдан ўрин олмаган.

Ҳа, у курашиб ҳам қўяверади. Лекин у даражада мукаммал эмас. Асосан “стойка”да жанг олиб боради ва ишонган “қурол”и бу - зарба кучи десак, янглишмаган бўламиз. Бунга 18 та ғалабасининг 15 тасини ТКО, КО билан якунлагани ҳам мисол бўла олади. Бирорта “сабмишен” орқали муваффақиятга эришмаган. Дарвоқе, унинг фаолиятида 6 та мағлубияти борлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. У мағлубиятларини Жек Жош, Логан Сторли, Кевин Холланд, Алессио Ди Чирико, Насуриддин Имавов, Крис Куртислардан қабул қилиб олган. Хуллас, яхши даражадаги жангчи!

Нурсултон Рўзибоевнинг устунлиги нимада?
Шубҳасиз, Нурсултон тажриба бобида ундан бир бош баланд. Бакли 24 та жанг ўтказган бўлса, ҳамюртимиз 44 маротаба бундай чиғириқдан ўтган. Унинг рекордига киритилмаган жанглари ҳам бор. Бўй борасида ҳам 20 смлик устунлик бор. Қолаверса, қўлларининг узунлиги ҳам Нурсултоннинг энг катта устунлиги десак, янглишмаган бўламиз. Юқорида Баклини ноодатий жангчи сифатида эътироф этдик. Нурсултон ундан-да мураккаброқ ва ноодатийроқ жангчи. “Арсенал”и жуда бой. “Партер”да ҳам ҳимоялана олувчи ва жангни ўз томонига оғдиришга қодир услублари бор.

Айниқса, “кимура” унинг ташриф қоғозига айланган. Назаримда Бакли Нурсултон учун қулай рақиб. Яъни, унинг чапақайлиги, бўйи пастлиги ҳамюртимизга қўл келади. Қай маънодаки, чапақайлиги туфайли, Нурсултон унга тизза зарбаларини осон йўллай олади. Рақибнинг “лоу-кик” зарбаларига ўнг қўл қарши зарбаларини йўллаш ҳам мураккаблик туғдирмайди. Худди Бруно Феррейрани нокаутга учратгани каби. Энг асосийси эса Нурсултон октагонни ва масофани яхши хис қилади. Баклини тажовузкорона босимига олди қўл “жеб” зарбалари ва оёқ ҳаракатлари билан бемалол дош бера олади. Хуллас, фаворит Нурсултон!

Якун...
Жанг якуни қандай кўриниш олиши мумкин? Назаримда бу жанг узоғи 2-раундда ўз якунига етса керак. Чунки Бакли анчагина зарба кўтара олишга қодир жангчи. Унинг Насуриддин Имовов билан жангини кўрсангиз бунга амин бўлишингиз мумкин. Бироқ, Нурсултоннинг зарбалари Имововникидан кучлироқ ва умид қиламизки, бу сафар ҳам ҳамюртимиз ишончли ғалабани қўлга киритади. Бу гал ҳам техник нокаут ёки нокаут билан Нурсултон ғалаба қозонишига ишонмоқдаман. Имкониятлар 70/30!

Албатта, тахминларимиз ўз исботини топишини истаймиз ва бу борада Нурсултон Рўзибоевга омад тилаймиз. Олға ўзбек ўғлони!

Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хоакин Бакли "қаттиқ" жангчи. Бироқ Нурсултон Рўзибоев...