date

Ford стратегияни ўзгартирди: электромобил лойиҳалари қисқармоқда

Ford стратегияни ўзгартирди: электромобил лойиҳалари қисқармоқда

Ford Motor компанияси электромобиллар йўналишида кескин қарор қабул қилди. Reuters тарқатган маълумотларга кўра, автогигант 19,5 миллиард доллар миқдорида зарарни ҳисобдан чиқаришини ҳамда бир қатор электр автомобиль лойиҳаларидан воз кечишини расман эълон қилди. Бу қарор сўнгги ойларда глобал бозорда кузатилаётган ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ.

Компания раҳбариятининг таъкидлашича, электромобилларга бўлган талаб кутилган даражада ўсмади, айрим бозорларда эса ҳатто пасайиш қайд этилди. Шу сабабли Ford ўз стратегиясини қайта кўриб чиқиб, харажатларни оптималлаштириш ва йўналишларни қайта белгилашга мажбур бўлди. Зарарларнинг асосий қисми тўртинчи чоракда қайд этилган бўлиб, улар 2027 йилгача бўлган даврда босқичма-босқич ҳисобдан чиқарилади.

Маълум қилинишича, умумий сумма ичида тахминан 8,5 миллиард доллар электромобил лойиҳаларининг тўхтатилиши ҳиссасига тўғри келади. Яна 6 миллиард доллар Ford’нинг Жанубий Кореянинг SK On компанияси билан ҳамкорликда амалга оширган аккумулятор ишлаб чиқариш заводи ёпилиши билан боғлиқ. Қолган 5 миллиард доллар эса қўшимча харажатлар ва қайта тузилиш жараёнлари учун ажратилади.

Шунингдек, Ford электр пикап F-150 Lightning моделини амалдаги кўринишида давом эттирмаслигини маълум қилди. Уни янги авлод модели алмаштиради. Янги автомобиль тўлиқ электр эмас, балки аккумулятори бензин двигатели ёрдамида қувватланадиган гибрид тизимга эга бўлади. Бу ечим компаниянинг бозор реалияларига мослашишга уринаётганини кўрсатади.

Бундан ташқари, Ford T3 код номи билан танилган тўлиқ электр юк машинаси ҳамда бизнес сегменти учун мўлжалланган электр фургон ишлаб чиқариш режаларидан ҳам воз кечмоқда. Бу лойиҳалар аввал катта умид билан бошланган бўлса-да, ҳозирги шароитда иқтисодий жиҳатдан мақбул деб топилмади.

Ford бош директори Жим Фарли сўзларига кўра, сўнгги ойларда бозордаги вазият жуда тез ва кескин ўзгарган. Айнан шу омил компанияни стратегияни қайта кўриб чиқишга мажбур қилган. Энди Ford бензинли ва гибрид моделларни ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратишни, шу билан бирга ходимлар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасига инвестицияларни давом эттиришни режалаштирмоқда.

Келгусида компаниянинг Кентукки штатида жойлашган, SK On билан ҳамкорликда қурилаётган аккумулятор заводида ҳам қисқартиришлар бўлиши кутилмоқда. Бу эса Ford’нинг электромобил стратегияси янада эҳтиёткор ва ҳисоб-китобли йўлга ўтаётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, компания узоқ муддатли режаларидан бутунлай воз кечгани йўқ. Ford ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб, унинг глобал маҳсулот қаторининг тахминан 50 фоизи гибридлар, узоқ масофага мўлжалланган электромобиллар ва тўлиқ электр моделлардан иборат бўлади. Ҳозирча бу кўрсаткич атиги 17 фоизни ташкил этади.

Қисқаси, Ford электромобиллардан тўлиқ воз кечмаяпти, аммо бозор шароитига мослашиб, шошилмасдан, босқичма-босқич ҳаракат қилишни маъқул кўряпти. Бу қарор компания учун оғриқли бўлиши мумкин, аммо келажакда барқарорликни сақлаб қолиш учун муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Авто » Ford стратегияни ўзгартирди: электромобил лойиҳалари қисқармоқда