
АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путиннинг ҳудудий даъволари Украина билан чекланмаслиги мумкинлигини таъкидлади. 25 июнь куни НАТО саммити доирасидаги Ҳаагада ўтказилган матбуот анжуманида у бу масалага алоҳида тўхталиб, “Менимча, бу эҳтимолдан холи эмас”, дея жавоб берди.
Трамп сўзларига кўра, Путин урушни тугатишни истайди, чунки бу унинг учун “бутунлай чалкашликка айланиб улгурган”. Унга кўра, Россия раҳбари яқинда унга қўнғироқ қилган ва Эрон масаласида ёрдам таклиф қилган. Бироқ Трамп “бошқа масалаларда Россия билан ҳамкорлик қилиш манфаатлироқ”, деб жавоб қайтарганини айтди.
Америка сиёсатчиси Путинни “адашган инсон” деб атади ва “Мен бу муаммони анча осон ҳал қиламан, деб ўйлагандим”, дея афсус билдирди. Журналистлар Трампдан нега сайловолди ваъдаси — беш ой ичида урушни тугатиш амалга ошмади, деб сўрашганда, у “Путин жуда оғир шахс эканлигини кўрсатди, Зеленский билан ҳам айрим муаммолар бўлди”, деб жавоб берди.
Кеча Трамп Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди. Унинг айтишича, бу учрашув давомида “фақат унинг аҳволи билан қизиқди”, яъни отишмани тўхтатиш масаласи муҳокама қилинмади. “Мен Путин билан яна гаплашмоқчиман. Буни тўхтатишнинг иложи борми-йўқми, билиш керак. Охирги ҳафтада қарийб 7 минг аскар ҳалок бўлган. Бу ақл бовар қилмас фожиа”, — деди Трамп.
Зеленский эса ўз навбатида Patriot мудофаа тизимлари ва АҚШ билан дронлар ишлаб чиқариш борасида ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борганини маълум қилди. Шунингдек, у Трампга Россия делегацияси билан Истанбулдаги музокаралар, асирлар ва жасадларни алмашиш масалалари ҳақида ҳам маълумот берганини билдирди. “Биз жанг майдонларидаги воқеликни муҳокама қилдик. Путин ғалаба қозонаётгани йўқ. Мен ҳақиқий фактларни тақдим этдим”, — деди Зеленский.
Айни пайтда, Ғарб давлатлари ва ҳарбий таҳлилчилар Россия президенти НАТОга қарши кенг қамровли ҳужум тайёрлаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Улар келаси 3–5 йилда Болтиқбўйи давлатлар — Латвия, Литва ёки Эстонияга таҳдид юзага чиқиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Путиннинг ҳарбий харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизига етгани ва бу давлат бюджетининг учдан бир қисмига тенглашгани эътиборли ҳолатдир. Шу билан бирга, Россия Финляндия ва Болтиқ мамлакатлари билан чегарадош ҳудудларда янги армия базалари, қурол-яроғ омборлари ва штаблар қуришни жадал давом эттирмоқда. Бу эса хавф-хатарнинг жиддийлашувидан дарак бериши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар